30 июнь куни EFFECT.UZ ахборот агентлиги мухбири Элёр Тожибоев фуқаронинг мурожаатига кўра Бешариқ туманида журналистик суриштирувини олиб борди.

Маълум бўлишича, Фарғона вилояти Бешариқ туманида яшовчи фуқаро Муҳаммадали Ҳасанов «Собиртепа ММТП ҳудудидаги ерларни тендерини ютиб олдим, ерларнинг ҳар бир сотихини 2 миллион сўмдан сотяпман, ҳужжатларини расмийлаштириб бераман», деб, фуқароларни «ухлатиб» кетган.

Яъни, у 7 нафар фуқародан Ю.Мирзааҳмедовдан 1.300 АҚШ доллари, М.Дўстматовдан 2.700 АҚШ доллари, Т.Имомовдан 75 миллион сўм, А.Исломовдан 15 миллион сўм, Р.Раҳмоновдан 15.000 АҚШ доллари, А.Аҳмедовдан 15.400.000 сўм, Б.Мирзааҳмедовдан 32 миллион сўм пулларини алдаб олиб, ўзгани мулкини фирибгарлик йўли билан ўзлаштириб юборгани айтилди.

Мазкур ер аслида кимга тегишли эканлигини аниқлаш бўйича олиб борилган журналистик суриштирувда қуйидаги ҳолатлар аниқланди:

2009 йил 16 май куни Бешариқ тумани ҳокимининг 286-сонли қарори билан фуқаро И.Тошхўжаевга Собиртепа қишлоғида жойлашган 1207-контуридаги 1 гектар ер майдони ипакчилик йўналишидаги фермер хўжалиги ташкил қилиш учун ажратиб берилган.

Сўнг ушбу ер майдонида «Орифхўжаев Ойбек Орзуси» фермер хўжалиги ташкил қилиниб, 2012 йил 4 июль куни Бешариқ тумани ҳокимининг 433-сонли қарори билан«Орифхўжаев Ойбек Орзуси» фермер хўжалиги ипакчилик йўналишидан боғдорчилик йўналишига ўтказилган.

Шундан сўнг, 2017 йил 3 май куни «Абдумалик ота» фермер хўжалиги раҳбари А.Мусурмоновнинг аризасига асосан, Бешариқ ҳокимининг 572-сонли қарори қабул қилиниб, ушбу қарорда “Абдумалик ота фермер хўжалигига қарашли 1207к-контурдаги жами 1,10 га, шундан 1 га тутзор, 0.10 га ариқ ва зовурлар туман ҳокимлиги захирасига олинсин” деб қайд этилган.

Бешариқ тумани ҳокимининг 03.05.2017 йилдаги 572-сонли қарори бир томондан А.Мусурмоновнинг аризасига асосан «қонуний» қабул қилингандек кўрилса ҳам, лекин айнан шу қарор «Орифхўжаев Ойбек Орзуси» фермер хўжалигини ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига зиён етказган.

Чунки:

1). Бешариқ тумани ҳокимининг 03.05.2017 йилдаги 572-сонли қарорида «Абдумалик ота» фермер хўжалиги ерлари давлат захирасига қайтарилсин” деб ёзилган бўлса ҳам, лекин мазкур қарорга илова қилинган «харита»да – «1207к» эмас, балки «1205»-контурдаги ер майдони кўрсатилган.

Бу дегани эса, «Абдумалик ота» фермер хўжалиги ерлари 1207к-контурда эмас, балки 1205-контурда эканлигини билдиради.

Демак, туман ҳокимлиги захирасига 1207к-контурдаги эмас, 1205-контурдаги ер майдони олиниши лозим бўлган.

2).Бешариқ тумани ҳокимининг 2009 йил 16 май кунги 286-сонли қарори ҳозирда хам амалда бўлиб, мазкур қарорга асосан “ҳозиргача Собиртепа қишлоғида жойлашган 1207-контуридаги 1 гектар ер майдони «Орифхўжаев Ойбек Орзуси» фермер хўжалиги ихтиёрида” турибди.

Аммо, Бешариқ тумани ҳокимининг 03.05.2017 йилдаги 572-сонли қарорида «Абдумалик ота» фермер хўжалиги ерлари давлат захирасига қайтарилсин” деб ёзилган бўлсада, ушбу 1207к-контурдаги ерни айнан қайси кесимидан, қайси чегарадан ҳокимиятга қайтарилиши ҳамда қайси қисмдан бошлаб, «Орифхўжаев Ойбек Орзуси» фермер хўжалиги ери ҳисобланиши умуман кўрсатилмаган.

Шу сабабдан «Орифхўжаев Ойбек Орзуси» фермер хўжалигини Бешариқ ҳокимининг 03.05.2017 йилдаги 572-сонли қарорига нисбатан ўринли эътирозларига сабаб бўлиб, «мазкур қарорни ҳақиқий эмас деб топиш учун» аризачи сифатида судга мурожаат қилиш ҳуқуқи мавжуд бўлган.

Айнан ушбу сабабларни инобатга олиниб, Бешариқ тумани прокурорининг «Бешариқ тумани ҳокимининг 03.05.2017 йилдаги 572-сонли қарорини бекор қилиш тўғрисида» протести киритилган.

Сўнг, юқоридаги сабабларни инобатга олиб, Фурқат тумани Маъмурий суди 15.11.2019 йилги ҳал қилув қарори ва Фарғона вилояти Маъмурий суди томонидан 25.12.2019 йилги қарори билан “Бешариқ тумани ҳокимининг 03.05.2017 йилдаги 572-сонли қарори ҳақиқий эмас деб топилган.

Лекин, Ўз.Р. Олий судининг Маъмурий ишлар бўйича Судлов ҳайъати томонидан “Аризачи «Орифхўжаев Ойбек Орзуси» фермер хўжалигини Собиртепа ММТП ҳудудидаги 1207-контуридаги ўзбошимчалик билан эгаллаган ерлар бўйича низолашиш ҳуқуқи йўқ” деб хулосага келиб, қуйи судларнинг қарорларини бекор қилган.

Шу ўринда бир нечта саволлар пайдо бўлади:

1). Наҳотки, Бешариқ тумани ҳокимининг 2017 йил 3 май кунги 572-сонли қарорида кўрсатилган ер майдони 1207к-контурда эмас, балки 1205-контурда жойлашган бўлса ҳам, Олий суднинг Маъмурий ишлар бўйича Судлов ҳайъати томонидан “Аризачи «Орифхўжаев Ойбек Орзуси» фермер хўжалигини Собиртепа ММТП ҳудудидаги 1207-контуридаги ўзбошимчалик билан эгаллаган ерлар бўйича низолашиш ҳуқуқи йўқ” деб хулоса қилинса, ахир «Орифхўжаев Ойбек орзуси» фермер хўжалиги ерлари бу ерлар умуман бошқа-бошқа контурдаги ер ҳисобланмайдими?;

2). «Орифхўжаев Ойбек Орзуси» фермер хўжалиги томонидан ўзига берилган 1 гектар ердан ташқари, 1.5 га ерни ўзбошимчалик билан эгаллаган бўлса, унда ерни айнан қайси кесими ўзбошимчалик билан эгалланган ва қайси қисми ҳоким қарорига асосан берилганлиги бирон-бир ҳужжатда кўрсатилмаган.

Оқибатда фуқаро М.Ҳасанов “мен Бешариқ тумани ҳокимлигининг 2019 йил 30 апрель кунги 950-сонли қарорига асосан 1.5 га ерни тендерда ютдим” деб ўзбошимчалик билан 1207к-контурда жойлашган «Орифхўжаев Ойбек Орзуси» фермер хўжалигига расман 2009 йил 16 май куни Бешариқ тумани ҳокимининг 286-сонли қарори билан берилган 1 га ерларни хам эгаллаб олиб, сохта ҳужжатлар билан бегона фуқароларга уй-жой қуриш учун сотиб юборган.

Наҳотки, М.Ҳасанов «тендерда ғолиб бўлдим» деб 1.5 га ерни олиб, сўнг мақсадсиз сотиб юборса ҳам ва тендердаги ер ажратиш талаблари бузилган бўлса ҳам бу ҳолат бўйича ҳокимлик мансабдор шахсларига нисбатан қонуний чоралар кўрилмайди? Ҳатто бўлиб ўтган воқеалар ҳақида эсланмайди ҳатто. Ҳақиқатни юзага чиқаришда масъуллардан ижобий жавоб кутамиз!