Испания чемпионатининг 33-туридан ўрин олган марказий “Барселона” – “Атлетико” ўйини якунига етди. Ушбу ўйинда мухлислар 3 та пенальти ва битта автогол кўришга муваффақ бўлди.

Ўйиннинг 11-дақиқасида Диего Коста ўз дарвозасига гол уриб қўйган бўлса, 19 ва 62 дақиқаларда белгиланган пенальтиларда хато қилмаган Сауль жамоасини мағлубиятдан қутқариб қолди. Лионель Месси бу ўйинда ўзининг проффесионал фаолиятидаги юбилей 700-голини нишонлади. Аргентиналик футболчи Облак қўриқлаётган дарвозага “Паненка” услубида пеналтини моҳирона амалга оширди.

Бироқ бу гол “Барселона”нинг чемпионлик курашида “Реал” билан ўртадаги фарқни кескин қисқартириш учун етарли бўлмади. 33-турдан сўнг каталонияликлар 70 очко билан 2-ўринни мустаҳкамлаган бўлса, “Реал” 33-тур ўйинини ўтказмасдан туриб ҳам “Барса”дан 1 очко олдинлаб кетди.

Маълумот учун, “Реал” 33-тур ўйинини 2 июль куни ўз майдонида “Хетафе”га қарши ўтказади.

Барселона – Атлетико 2:2.

Голлар: Диего Коста (11, автогол), Месси (50, пенальти) – Сауль (19, пенальти, 62, пенальти).

Барселона – тер Стеген, Семеду, Пике, Лангле, Альба, Видаль (Гризманн, 90), Бускетс (Фати, 85), Ракитич (Сержи Роберто, 63), Пуч, Месси, Суарес.

Атлетико – Облак, Арьяс, Хименес, Фелипе, Лоди, Корреа (Витоло, 84), Томас, Сауль, Феррейра Карраско (Лемар, 85), Льоренте (Жоау Феликс, 69), Диего Коста (Мората, 76).

Огоҳлантиришлар: тер Стеген (17), Пике (18), Сауль (35), Фелипе (51), Месси (61), Диего Коста (75), Феррейра Карраско (80), Лемар (90).

Мессининг 700-голи ҳақида ёзадиган бўлсак, у “Барса” таркибида 630-голини уришга муваффақ бўлди. Қолган 70 та гол Аргентина либосида киритилган. Бундан ташқари, Месси Ла Лигада пеналтиларни голга айлантириш бўйича фақат Роналдудан ортда қолмоқда, 57 га 61. Энг қизиқарлиси, ҳозирда фаолиятини давом эттираётган футболчилардан фақат Месси ва Роналду 700 дан ортиқ гол уриш имкониятига эга ҳисобланади.