Аввалроқ, EFFECT.UZ ахборот агентлигига Фарғона шаҳар Қўқон кўчасида яшовчи Н. исмли фуқаро мурожаат қилган эди. EFFECT.UZ ушбу мурожаатни “Болам жиноятчи эмас!» – Вояга етмаган ИИВ коллежи талабаси қамоқхонада қийноққа солиняпти. Йигитнинг онаси Президентдан нажот кутмоқда” сарлавҳаси остида видеомурожаат эълон қилган.

 

Хуллас, Н. ўз мурожаатида унинг ўғли ва турмуш ўртоғига Ички ишлар органлари ходимлари томонидан ноҳақликлар бўлаётгани ва ўз фарзандини ноҳақ айблаб, бир кунда қамоқхонага «тиқиб» қўйилгани келтириб ўтилган. Бундан ташқари, Н.нинг Б. исмли фарзанди тергов жараёнида турли қийноқларга солинаётгани айтиб ўтган.

Она вояга етмаган ўз фарзандини қутқариш учун ОАВ орқали президент Шавкат Мирзиёевга тўғридан-тўғри йиғлаб, кўз ёшлар билан мурожаат қилишга мажбур бўлган эди.

Ушбу мурожаат интернет тармоқларида эълон қилинганидан сўнг, ИИВ ахборот хизмати вакиллари Effect.uz раҳбари билан боғланиб, масалага ойдинлик киритишини ваъда қилган эди. Ваъдага мувофиқ бу мурожаатга Фарғона вилояти ИИБ ахборот хизмати раддия берди.

Гўёки фарғоналик бир онанинг айтган сўзлари ёлғон ва унинг ИИВ коллежида таҳсил оладиган вояга етмаган фарзанди «ғирт» жиноятчи.

Фарғона вилояти ИИБ ахборот хизматининг Effect.uz ахборот агентлигида эълон қилинган мақола ҳамда видеодаги иддаоларга жавоби қуйидагича бўлди:

Интернет ижтимоий тармоқларида тарқалган «Болам жиноятчи эмас!» – ИИВ коллежининг вояга етмаган талабаси қамоқхонада қийноққа солиняпти (аслида бу ерда «Йигитнинг онаси Президентдан нажот кутмоқда» сўзлари ҳам қўшиб кетилиши керак эди. Аммо Фарғона вилояти ИИБ ушбу сўзларни негадир қўшиб қўйгиси келмаган. Чунки масалани Президентгача етиб бориши уларнинг зиёнига ишлаши мумкин) сарлавҳали хабар юзасидан раддия…

Мазкур хабарда фуқаро Н. (аёл) турмуш ўртоғи ва фарзандига нисбатан ИИО ходимлари томонидан ноҳақлик қилинаётганлигини, жорий йилнинг 26 май куни Фарғона шаҳрининг Қиргули мавзесида содир бўлган жанжалга гўёки унинг ўғли Б.Т.нинг ҳеч қандай алоқаси йўқлигини билдириб, видеомурожаат йўллаган.

Интернет тармоқлари (савол: айнан қайси тармоқларга. Адашмасак, бу мақола ва видео фақат Effect.uz сайти орқали ёритилган эди. Аммо вилоят ахборот хизмати сайт номини ҳатто тилга олишга ҳам ярамаган) да тарқалган ушбу хабар ўрганилганда, вояга етмаган Б.Т. дадаси Ш.Т. билан бир гуруҳ бўлгани ҳолда 26 май куни соат 21:30 ларда А.Тўқай кўчасидаги «Аср» номли савдо дўконидан ичимлик суви олаётиб, дўкон эгаси З.Т. билан ўзаро тортишган вақтида ушбу жанжалга Б.Т. аралашиб, жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан, З.Т.нинг танасини турли жойларига урган. (видеомурожаатнинг сўнгги сонияларида содир бўлган можаро акс этган лавҳалар тақдим этилди.

Аммо бу лавҳаларда айбланувчи сифатида ушлаб турилган Б. кўриниш бермаган. Аксинча, дўкон эгаси З.Т. Б.нинг дадасини дўппослаётгани ва тахта билан баданига ураётгани тасвирланган. Бироқ ИИБ ахборот хизмати гўёки бу ишларни барчасини Б. амалга оширган дея хулоса қилган).

Бундан ташқари, вояга етмаган Б.Т. ўзининг жиноий ҳаракатларини (жиноий ҳаракат содир этилгани тўғрисида ИИБда қандай исботлар бор?) давом эттириб, уни безорилик ҳаракатларини олдини олмоқчи бўлган фуқаро Т.Ш.ни уриб, (қандай ҳолатда дўкончининг ўғли Т.Ш. безорилик ҳаракатларини олдини олган бўлиши мумкин? ИИБдагиларга ҳали саволлар бисёр) ҳаёти учун хавфли бўлган оғир тан жароҳати етказган. (ҳаёти учун хавфли тан жароҳатлари нега аниқ ва «конкрет» келтириб ўтилмаган. Масалага панжа ортидан қараш билан кимга қандай фойда?).

Мазкур ҳолат юзасидан вояга етмаган Б.Т.га нисбатан Фарғона шаҳар ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 104-моддаси (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) ва 277-моддаси (безорилик) билан айблов эълон қилиниб, «қамоққа олиш» тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. (қамоққа олингач, у нега яқинлари билан кўриштирилмади? Бундан ташқари, Прокурор нима сабабдан бўлган воқеа мухрланган видеотасмаларга эътибор бермаган? ИИБдан бу саволларга очиқчасига жавоб кутамиз…).

Иш бўйича вояга етмаган Б.Т. нинг айби гувоҳларнинг (гувоҳлар холис бўлганми, улар ҳақиқатдан воқеа жойида бўлганми? Бунга ким жавоб беради?) кўрсатувлари, далилий ашёлар, экспертиза хулосалари ҳамда бошқа процессуал ҳужжатлар билан ўз тасдиғини топган. (Ўз тасдиғини топганига ИИБ ходимлари ишонар, аммо қолганларни ишонтириш сизларинг вазифангизга киради. Буни қандай исботлаб берасиз?).

Шунингдек, барча тергов ҳаракатлари процессуал тартибда амалга оширилган. (процессуал тартибда амалга оширилган бўлса, қандай важ орқали хулоса қилинган? Вояга етмаган болани қаматишдан яна кимга наф? Гумонланувчи карантинда қаерга қочиб кетиши мумкин эди. Мантиқий саволлар жавобсиз қолмоқда. Саволларга «конкрет» жавоб кутамиз. Шундан сўнг яна бир савол пайдо бўлади?

Нима учун Б. EFFECT.UZ ахборот агентлиги оператори Ғиёсбек Эшовга қилинган ҳужум «қаҳрамонлари» жойлашган камерага қамалган эди? Бу масалада EFFECT.UZ раҳбари Фарғона вилояти ИИБ бошлиғи Дониёр Тошхўжаев билан суҳбат қилган ва бола суҳбатдан сўнг бошқа камерага олинган. Бошқа камерага олингани 100 фоиз аниқ ҳам эмас. Чунки Дониёр Тошхўжаев EFFECT.UZ раҳбарига вазиятни шахсан назорат қилишга ваъда берган. Лекин шундай бўлсада, ваъда фақат ваъдалигича қолиб кетган бўлиш эҳтимоли юқори. “Қуруқ қошиқ оғиз йиртар”).

Жиноят иши бўйича дастлабки тергов тамомланиб, Жиноят-процессуал кодексининг 381-моддаси тартибида Фарғона шаҳар прокуратураси орқали тегишли судловга тақдим этилган. (Зўрдан зўр чиқар, аммо юқоридаги видеолавҳаларда акс этган ҳолатларда дўкон эгасининг қўлида тахта бўлгани шунингдек, Б.нинг дадасини калтаклаётгани тасвирланган. Бу ҳолатлар судловда инобатга олинишига ким кафил бўла олади? Инобатга олиниши эҳтимоли жуда кам)…

Юқорида Фарғона вилояти ИИБ ахборот хизматининг раддияси ва унга қарши берилган бир нечта саволлар билан танишиб чиқдик.

Шу билан бирга Фарғона вилояти ИИБ ахборот хизматига яна бир нечта саволлар бор:

1: Нима учун раддияда терговчининг соввуққонликка йўл қўйгани, тергов жараёнида дўкон эгаси З.Т.га нисбатан жазо муқаррарлигини таъминламаганлиги ва З.Т.нинг ҳаракатларида жиноят аломати борлиги кўриниб турсада, Фарғона шаҳар ИИО ФМБ ҳузуридаги ТБ терговчиси томонидан З.Т.нинг ҳаракатларида «жиноят йўқ» дея яшириш ҳолатлари айтиб ўтилмаган?

ТБ терговчиси З.Т.нинг ҳаракатида жиноят йўқ деб қарор чиқарган бўлса, унда ТБ бошлиғи нима учун бу қарорини бекор қилмагани ва ушбу қарор устидан назорат қилмагани ҳамда қийноқ масаласи бўйича текширув ўтказилмаганлигига жавоб қайтарилмаган?

Шунингдек, Фарғона вилояти ИИБ ахборот хизмати мақола сарлавҳасидаги «Йигитнинг онаси Президентдан нажот кутмоқда» сўзлари қолдириб кетгани ва раддияга фақат «қуруқ шаблон» шаклида «отписка» билан расмий раддия билдирган.

Фарғона вилояти ИИБ хавфсизлик бошқармаси ҳамда Тергов бошқармаси раҳбарияти Ш.Т. ва унинг вояга етмаган ўғли Б.Т. билан боғлиқ ҳолат юзасидан хизмат текшируви ўтказилиб, терговга қадар текширув ва дастлабки тергов жараёнида қонунбузарликка йўл қўйган Фарғона шаҳар ИИО ФМБ 2-сон ИИБнинг мансабдор шахсларига нисбатан қонуний чоралар кўрилади ва ҳақиқат тикланади, деган умиддамиз!

Тасаввур қилинг, сизда бир итингиз бор, аммо у итнинг тишлари йўқ, бироқ кунлар келиб, ён қўшнингиз «итинг» менинг мушугимни тишлаб, жароҳат етказди” деб туҳмат тошларини ёғдирса, устига-устак, бошқалар, умуман вазиятни кўриб-билмаганлар, “ҳа, ростан ҳам сенинг итинг унинг мушугини тишлаб олди” дея сизга ташланишса, қандай йўл тутган бўлар эдингиз? Халқни алдашингиз мумкин, аммо кўнгил тубидаги кўринмас виждонни алдай олмайсиз…