Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманида яшовчи 32 ёшли эркак А.Ю. 22 январь куни яшаш уйидан мол ўғрилаганликда гумон қилиниб, туман ИИБ ходимлари томонидан олиб кетилгани ва 23 январь куни эса ИИБдан мурдаси чиққан.

Шундан сўнг, ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган эди ва Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов ушбу воқеа ортидан лавозимидан олинган ИИБ ходимлари ҳақида маълумот берганди.

Бош прокуратура Матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдиновнинг маълум қилишича, Чироқчи туманида содир этилган мазкур жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари 22 июнь куни тамомланган. Дастлабки тергов якунига кўра 5 нафар ички ишлар ходимларига Жиноят Кодексининг 241-1, 206, 104, 234 ва 235 моддалари билан айб эълон қилинган.

2 нафарига, яъни 4-сонли ИИБ бошлиги ва  4-сонли ИИБ ЖКГ тезкор вакилига “камокка олиш” ҳамда 2 нафари 4-сонли ИИБ профилактика инспектори ва 1 нафар 4-сонли ИИБ ЖКГ тезкор вакилига “гаров” эҳтиёт чораси қўлланилган. Жиноят иши мазмунан кўриб чиқилиши учун судга юборилган.

Эслатиб ўтамиз, сал аввал, 30 май куни Андижонда тергов учун бинога олиб кириб кетилган фуқаро ИИБ ходимлари томонидан калтакланиб, ўлдирилганлиги ортидан ИИБ бошлиғи қамоққа олингани хабар қилинган эди.