Effect.uz ахборот агентлиги 2 ой муқаддам ўз саҳифалари

га жойлаштирган русча реклама баннерларидан воз кечишга қарор қилди. Бу ҳақда Effect.uz раҳбари Акмал Эшонхонов маълум қилган.

“Бундан икки ой аввал Россиянинг рекламалар билан шуғулланадиган компанияларидан бири билан реклама ҳамкорлиги масаласи бўйича таклифни қабул қилган эдик. Аммо бу реклама баннерлари сайтга кириб янгилик ва мақолаларни кузатадиган ўқувчиларга ноқулайлик туғдираётгани сабаб ҳозирда бу реклама баннерлари сайтдан олиб ташланди ва келгусида реклама масаласида фақат аниқ таклифлар билан ишлашга қарор қилинди.

Тўғри, реклама бу пул дегани аммо, биз ўқувчилар сони ошиши ҳамда уларнинг сайтда бемалол ҳеч қандай ортиқча рекламаларсиз хабар ва мақолаларни ўқишга шароит яратиб беришни мақсад қилганмиз. Бу хатони бошқа такрорламаймиз ва келгусида сайт ўқувчиларига қулайликлар яратиш учун изланамиз.

Яқин кунларда сайтнинг мобиль дастури ҳам оммага ҳавола қилинади. Зеро шиоримизга яраша бўлгани каби “Мақсад сари биргаликда” ҳаракат қилар эканмиз, мақсадимиз бир жойдан чиқиши шарт ва бунда бир-биримизни қўллаб-қувватлаймиз деган умиддамиз. Рекламаларни ўчиришда бизга яқиндан ёрдам берган дастурчи Камрон Фозилов ва сайт SMM менежери Рамзиддин Зайниддиновга фойдали таклифлари учун миннатдорлик билдирамиз”, дейди Акмал Эшонхонов.

Маълумот учун, EFFECT.UZ интернет нашри 2019 йилнинг 1 ноябрь куни электрон ОАВ сифатида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида рўйхатдан ўтказилган бўлиб, нашр бу кунгача кўплаб мавзуларни ёритиш ва танқидий-таҳлилий мақолалари билан Ўзбекистонда етакчи ОАВлардан бири ҳисобланади.