2019 йилнинг март ойида Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўмондонининг биринчи ўринбосари Ботир Турсунов лавозимидан озод этилган эди.  Ўшанда Генерал-майор Ботир Турсуновнинг бошқа лавозимга ўтказилганлиги ҳақида хабар берилган. Аммо Президент Шавкат Мирзиёевнинг қудаси Ботир Турсунов айнан қайси лавозимда иш бошлагани айтилмаган.

EFFECT.UZ ахборот агентлигига маълум бўлишича, Турсунов Ботир Ражабович Давлат хавфсизлик хизмати раиси Абдумавлонович Абдусалом Азизовга биринчи ўринбосар этиб тайинланган.

Ботир Турсунов
ДХХ раиси – Абдусалом Азизов
ДХХ раиси Абдусалом Азизов Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган йиғилишда

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2017 йилнинг августидан бошлаб Миллий гвардия қўмондони лавозимида ишлаб келган Баҳодир Тошматов Президент давлат хавфсизлик хизмати раиси этиб тайинланган эди. Баҳодир Тошматов ўрнини Ички ишлар вазири ўринбосари – Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келаётган генерал-мойор Рустам Жўраев эгаллаган.

Чапда Президент Шавкат Мирзиёев – ўнгда Саида Мирзиёеванинг турмуш ўртоғи Ойбек Турсунов
Президент Шавкат Мирзиёев оила аъзолари билан бирга Мирзо Улуғбек туманидаги 162-сайлов участкасига ташриф буюриб, овоз беришда иштирок этди. (22.12.2019)

Маълумот ўрнида, Президент Шавкат Мирзиёевнинг тўнғич куёви Ойбек Турсуновнинг отаси Ботир Турсунов 1946 йилнинг 5 декабрь куни Тошкент шаҳрида туғилган.

Тошкент Давлат университетини тамомлаганидан сўнг, 1971-1980 йилларда Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик қўмитасининг турли лавозимларида хизмат қилган.

Хизмат фаолияти давомида, 1980-2006 йилларда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги тизимининг турли лавозимларида ишлаган.

2006-2008 йилларда Ўзбекистон Республикаси “Интерпол” Миллий марказий бюроси директорининг ўринбосари лавозимида;

2008-2017 йилларда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги қошидаги “Динамо” жисмоний тарбия ва спорт жамияти Кенгаши раисининг ўринбосари лавозимида;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 4 августдаги Фармони билан Ботир Турсунов Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўмондонининг биринчи ўринбосари этиб тайинланганди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 4 августдаги Фармони билан Ботир Турсуновга генерал-майор ҳарбий унвони берилган. Бундан ташқари, Ботир Турсунов II-даражали “Шон-шараф” ва “Фидокорона хизматлари учун” орденлари билан тақдирланган.