Facebook бойкот қилиниши ортидан Марк Цукерберг $7,2 млрд. йўқотди

Жаҳондаги энг йирик реклама берувчиларидан бири Unilever Plc Фейсбукда реклама беришни бойкот қилганидан сўнг компания акциялари 8,3 %га арзонлади. Бу ҳақда Bloomberg хабар бермоқда.

Facebook нима учун бойкот қилинди

17 июнь куни бирданига бир нечта жамоат ташкилотлари фаоллари брендларни Facebook'даги рекламаларни тўхтатишга чақирди. Ижтимоий тармоқ яқинлашиб келаётган президентлик сайловлари арафасида намойишчиларни қўзғаш, ирқчилик, нафрат ва нотўғри маълумот бериш билан етарли даражада курашмаётганини асосий аргумент сифатида келтирилди.

Фаоллар, шу билан бирга, Фейсбукдан тазйиқ бўйича шикоятлар модерациясини кучайтиришни, нафрат уйғотувчи рекламаларни автоматик равишда ўчиришни ва экстремистик кайфиятдаги гуруҳлар ёпилишини талаб қилди.

Facebook'ни бойкот қилишга 10 дан ортиқ йирик компаниялар қўшилди:

  • Unilever Plc
  • Coca Cola Co.
  • Honda Motor Co.
  • Hershey Co.
  • Diageo Plc
  • Pepsi Co
  • Verizon Communications Ins.
  • Levi Strauss & Co.
  • Diamond Foundry Inc.
  • Patagonia Inc.
  • Ben & Jerry's Homemade Inc.
  • Viber
  • The North Face
  • REI
  • Upwork Inc.
  • Eileen Fisher Inc.

Шунингдек, нафақат брендлар, балки компаниянинг ўзи билан ишлаётган агентликлар ҳам бу компанияга қўшилди. Йирик реклама агентликлардан бири ўзининг 50 дан ортиқ мижозларига ижтимоий тармоқда реклама бермасликни тавсия қилди.

Жума куни Facebook компаниясининг бозор баҳоси 8,3 %га ёки $56 млрд.га арзонлади. Компания асосчиси Марк Цукербергнинг бойлиги эса $82,3 млрд.гача тушиб кетди.