EFFECT.UZ ахборот агентлигига Фарғона шаҳар Қўқон кўчасида яшовчи Н. исмли фуқаро мурожаат қилди. Н.нинг айтишича, у турмуш ўртоғи ва фарзандига нисбатан ИИО ходимлари томонидан ноҳақликларга бардоши етмаганидан ОАВ орқали президент Шавкат Мирзиёевга тўғридан-тўғри йиғлаб, мурожаат қилишга мажбур бўлган.

“Ҳурматли Президент Шавкат Мирзиёев сизга мурожаат қилишга мажбур бўлдим. 26 май куни хўжайиним сув олиш ниятида дўконга кирган. Дўкон эгаси эса маст ҳолатда бўлган. Улар ўзаро гап тортишиб, дўкон эгаси турмуш ўртоғимни роса урган. Ёрдамга одамларни чақириб, иккита машинада яна одамлар келиб, хўжайинимни ҳам роса тепишган. Бу ҳолатларнинг видео лавҳалари ҳам бор. Гап шундаки, ўғлимни олиб кириб кетишди. Чунки, дўкон эгасининг ўғли оғир тан жароҳат олган экан. Бунда вояга етмаган ўғлимни айблашяпти. Муҳтарам Президент мен бу ерда ҳеч кимга ишонмаяпман. Чунки, у боланинг тоғалари, ҳаммаси бизнинг Киргилида отдел бошлиқлари экан. Бор уруғи, ҳаммаси ходимлар экан…

Ўша кундан сўнг боламни кўра олмаяпман. Баҳоналари қочиб кетиши мумкин, терговга халақит бериши мумкин деб бир кунда терговни тугатишди. Менга боламни юзини ҳатто кўрсатишмаяпти. Оғир-оғир айбловлар қўйишяпти боламга, илтимос ёрдам беринг сиздан ёрдам сўрайман. Мени ҳеч кимга ишончим қолмади. Ҳатто прокурор видеоматериалларни кўрмасдан , терговчининг гапи, қоғозлари билан боламни қаматяпти. Ҳозир қамоқда ўтирибди, кўрсатишмаяпти, бизга ёрдам беринглар”, дея Президентга юзланган Н. исмли фарғоналик она.

Шунингдек, у терговчилар фарзандини «қочиб кетиши» мумкинлигини баҳона қилгани, аммо ҳозирда карантин бўлгани сабаб қочишга имконият йўқлигини таъкидлаб ўтган.

“Болам карантин пайтида қаерга қочади? Чақирган жойларига бир соат олдин олиб борсам ахир. Фарзандимни МВД (ИИВ) коллежида ўқитяпман. Юртим учун битта ҳимоячи вояга етказмоқчи эдим. Аммо менга булар жиноятчи тарбия қилгандек қарашмоқда. Ўтиниб сўрайман, бизга ёрдам беринг. Сизга ишониб, Сизни сайлаганмиз, Сизга овоз берганмиз. Шавкат Мирзиёев илтимос “помогите мне болше не куда обратится. Это моё единственное возможност выйти на вас. Толко через этих кадры. Пожалуйста помогите, я вас умоляю. У меня единственное сын”, бир дона ўғлим бор холос. Ўғлим у ерда бўлмаган ҳам, уларда на гувоҳлари йўқ, на бошқаси… Ҳеч нимасиз, исбот, далилсиз ўғлимни қамаб қўйишди, ёрдам беринг илтимос”, дея таъсирли кўз ёшлари билан Президентдан ўтиниб ёрдам сўрайди она.

Бундан ташқари, киргилилик Н. дўкон эгасининг ўғли ИИБ бўлим бошлиғининг жияни эканлигини қўшимча қилади, аммо бу раҳбар қаерда ишлаши ҳақида ҳеч қандай маълумот ошкор этмаган. (Киргили ИИБ бошлиғи, таҳр).

«У бола началник мелисани родной жияни экан. Улар югуриб юриб, бир кунда терговни тугатиб, боламни олиб кетиб қолишди. Ҳатто аризамизни ҳеч ким кўриб чиқмаяпти, турмуш ўртоғим видеоматериалларни ҳамма борини ёзган. Аммо ҳеч ким унинг аризасини инобатга олмаяпти. Ҳамма ердан рад этиляпти. Ҳақиқат борми? Ёрдам беринглар илтимос! Тўйиб кетдик, қаерга боришни билмаяпмиз, нима қилишни билмайман. Бир кунда ўғлим ва эримни айбдорга чиқариб қўйишди. Наҳот кимдирлар ўз уйимизни ёнида бостириб келиб, уриб-тепиб, яна қаматиб юборса… Ҳақиқат қани?», дея Президентга видеомурожаатини йўллаган фарзанди бир ойдан ортиқ вақт давомида ҳибсхонада сақланаётган ИИВ коллежи талабасининг онаси.

Маълум бўлишича, ҳодиса 2020 йилнинг 26 май куни Фарғона шаҳар Киргили мавзесида содир бўлган. Н.нинг турмуш ўртоғи Ш. маҳалласидаги савдо дўконига кириб, сотувчидан сўраб қарзга минерал сув олиб чиқиб кетган ва айни шу вақтда, дўкон эгаси Зокиржон уни ортидан «гадой» дея уятли сўзлар билан хақорат қилган.

Шунингдек, Ш.га яқинлашиб, қўллари билан юзига мушт туширган, сўнг қўлига тахтадан ясалган таёқни олиб, Ш.нинг танасига бир неча маротаба урган. Қуйидаги видеолавҳада дўкон эгаси З. ва ҳибсхонада сақланаётган Б.нинг отаси Ш. билан дўконда содир бўлган илк можаро видеоси тасвирга туширилган.

 

Бироқ Фарғона шаҳар ИИО ФМБ 2-сон ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси ҳолатга умуман алоқаси бўлмаган ва ўша жанжалда қатнашмаган Ш.нинг вояга етмаган ўғли Б.ни гумонланувчи сифатида ҳибсга олган.

Дўкон эгаси З.нинг ҳаддан ташқари қўпол ҳаракатлари (видеода кўриш мумкин) эса «маъмурий ҳуқуқбузарлик» дея қарор қилиниб, судга кўриб чиқиш учун юбориш билан чекланган.

Шундан сўнг Фарғона шаҳар маъмурий суди томонидан 18 июнь куни З.нинг иши кўриб чиқилган ва унинг ҳаракатида Жиноят кодексининг 277-моддасида кўрсатилган жиноят аломатлари мавжуд деб ҳисобланиб, МЖТКнинг 278-моддаси билан шаҳар Прокуратурасига юборилган.

Мазкур ҳолат эса Н.нинг турмуш ўртоғи Ш. ва ўғли Б.ни айбсиз эканлиги тасдиқланишига етарли далил-исботини топмаган. Бундан ташқари, ИИО ходимлари вояга етмаган ИИВ коллежи талабасини «ичкарида» жисмоний қийноққа солиш йўллари билан қийнагани айтилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йил 13 июнда Андижонда қийноққа солинган фуқаро вафоти сабаб 3 нафар ИИБ ходими ҳибсга олинган, воқеа 30 майда Андижон шаҳар Салоҳият кўчасида яшовчи фуқаро А.А. тан жароҳатлари билан касалхонага олиб келинишидан бошланган. Фуқаро 11 июнда вафот этган. 14 июнь куни Андижон вилояти Андижон шаҳар бўйича ички ишлар органлари (ИИО) фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси (ФМБ) бошлиғи подполковник Содиқ Усмонов мазкур воқеа сабаб ишдан олинди. Кейинроқ ИИБда беш киши ишдан олингани ва 19 киши жазолангани маълум қилинди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ Андижонда фуқаронинг ИИБ томонидан қийноққа солинганини қатъий қоралади. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари, «Адолат» СДП сиёсий кенгаши раиси Наримон Умаров бир фуқарони қийноққа солиб, унинг ўлимига сабаб бўлган Андижон шаҳар ИИБ ходимлари ҳаракатига муносабат билдириб, Андижон шаҳар ИИБ ходимларининг ноўрин муносабати асносида касб шаъни оёқости қилингани, бир инсон энг олий ҳуқуқи бўлган яшаш неъматидан мосуво бўлгани, шу билан бирга, мамлакат раҳбарияти ва аҳоли томонидан давлатнинг халқаро имижини яхшилаш учун қилинаётган кўп сонли ҳаракатларга путур етганини таъкидлади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Қодир Жўраев ушбу вазият бўйича фикр-мулоҳазаларини билдириб, ИИВ раҳбарияти марҳум йигитнинг оиласидан лоақал бир оғиз кечирим сўраб қўйиши кераклигини айтган.

Айнан ушбу фожиа ортидан Ички ишлар вазирлиги фуқаролар билан суҳбат олиб бориладиган ички ишлар бўлимлари хоналарига кузатув камералари ўрнатишни режалаштираётгани маълум бўлган эди.

«Биз эндиликда ҳар бир туман ички ишлар органларида алоҳида хона тайёрлаймиз, у ерда ҳар бир ички ишлар ходими билан фуқаролар суҳбатлари аудио-видео ускуналари орқали ёзиб борилади. Умуман, калтаклаш, тазйиқ ўтказиш ҳолатларининг олдини олиш учун барча чораларни кўрамиз», деди Рустам Ҳотамов.

Унинг қайд этишича, Андижон вилоятида бўлган воқеа бутун тизим раҳбариятини, барча шахсий таркибни ниҳоятда ташвишга солди.

«Номаъқул, тизимга тасодифан кириб қолган ходимларни ишдан бўшатиш чораларини доимий равишда кўриб борамиз. Шуни ҳам таъкидлашни истардим: ички ишлар ходимлари кундалик фаолиятида тез-тез стресс, зўриқиш ҳолатига тушиб қолади. Чунки улар жиноятчилик ҳолатлари билан бевосита тўқнашади. Шунинг учун психологик таъминот ишларини янада кучайтиришимиз керак. Тизимда соғлом фикрлайдиган, ҳалол, пок, виждонли, ватанпарвар ходимларимиз кўпчиликни ташкил этади», дея қўшимча қилди вазир ўринбосари.