Аввалроқ, Ўзбекистонда “чиройли” автомобиль рақамлари 6 та тоифага ажратилгани ва айримларининг бошланғич нархлари ўзгаргани тўғрисида хабар берилганди. Товар-хом ашё биржасининг маълум қилишича, авторақам савдо тизимида авторақамлар онлайн сотувларининг кескин ўсиши кузатилмоқда.

Хусусан, 8—21 июнь кунлари “avtoraqam.uzex.uz” вебсайтида жами 12,9 миллиард сўмлик 4,3 мингта авторақам сотилган ва бу юқоридаги қарор қабул қилинишидан аввалги мос даврга нисбатан 43 фоизга кўп демак.

Бунда сотилган авторақамларнинг сони бўйича ўсиш 2,5 баробарни, харидорларининг сони бўйича эса 3,3 маротабани ташкил қилмоқда. Ўтказилган аукционлар мобайнида битта лотга ўртача 41 та таклифлар келиб тушган, ўсиш 23,4 фоизни ташкил қилган.

Таъкидланишича, авторақамлар бўйича савдоларнинг фаоллашуви биржанинг онлайн-аукциони орқали сотиладиган рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгилари (РЎДРБ) тоифаларининг кенгайиши, шунингдек, уларнинг баъзиларининг бошланғич нархларининг пасайиши билан боғлиқ.

Хусусан, Тошкентда ҳарфлар комбинацияси бир хил бўлган (“кўзгусимон рақамлар”) авторақамларнинг бошланғич қиймати 50 БҲМ (базавий ҳисоблаш миқдори)дан 40 БҲМгача, ва мос равишда ҳар хил комбинацияли авторақамаларнинг нархи 40 БҲМдан 30 БҲМгача пасайтирилган.