EFFECT.UZ Ахборот Агентлигининг мухбири Элёрбек Таджибаев томонидан Фарғона вилояти Қўқон шаҳар бахт кўчаси 11 уйда яшовчи Пирматова Саноатхонинг мурожаати ўрганиб чиқилди.

Қўқон шаҳар ижроия қўмитетининг 1958 йил 23 июль кунги 265-сонли қарори билан Пирматова Саноатхонга ҳозирги Қўқон шаҳар, Жийдалибоғ кўчаси 48 уй жойлашган ер майдони «уй-жой қуриш учун» ажратиб берилган.

Шунда С.Пирматова ўзининг шахсий маблағи эвазига мазкур ер майдонида якка тартибдаги уй-жой бино-иншоотларини қурдирган.

Лекин бироз вақт ўтганидан сўнг С.Пирматова турмушга чиқиб кетганлиги сабабли, мазкур хонадонда онаси ва ўгай акаси Маликов Абдужалил яшашни давом этишган.

1983 йил 12 июль куни Қўқон шаҳар суди томонидан «Қўқон шаҳар, Жийдалибоғ кўчаси 48 уйни ½ қисми Пирматова Саноатхонга ва ½ қисми Маликов Абдужалилга ажратиб» берилган.

Сўнг Қўқон шаҳар ижроия қўмитетининг 1987 йил 21 январь кунги 10/1-сонли қарори билан «Қўқон шаҳар, Жийдалибоғ кўчаси 48 уйни ½ қисми Пирматова Саноатхонга ва ½ қисми Маликов Абдужалилга эгалик ҳуқуқи белгилаб» берилган.

Шундан сўнг, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 20 апрелдаги «Фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар хамда ўзбошимчалик билан қурилган турар-жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акциясини ўтказиш тўғрисида»ги №ПФ 5421-сонли Фармонига асосан, Қўқон шаҳар ҳокими М.А.Усмоновнинг имзоси билан 2019 йил 16 февраль куни 226-сонли қарорида «Қўқон шаҳар, Жийдалибоғ кўчаси 48 уйи Пирматова Саноатхон ва Маликов Абдужалилга эгалик ҳуқуқи белгилаб» берилган.

Лекин, бизга номаълум сабабларга кўра, Қўқон шаҳар ҳокими М.А.Усмоновнинг имзоси ўрнига «бошқа шахсни имзоси» билан 2019 йил 16 февраль кунги 226-сонли қарори ўзгартирилиб «Қўқон шаҳар, Жийдалибоғ кўчаси 48 уй Маликов Абдужалилга эгалик ҳуқуқи белгилаб» берилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Қўқон шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилиб, “Қўқон шаҳар ҳокими М.А.Усмоновнинг имзоси ўрнига «бошқа шахсни имзоси» билан 2019 йил 16 февраль кунги 226-сонли қарори сохталаштирилганлиги” факти аниқланганлиги сабабли, Ўз.Р. ЖКнинг 228 моддаси 1 қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Сўнг Қўқон шаҳар ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан «Марҳум А.Маликовни ўғли Қўқон шаҳар, Жийдалибоғ кўчаси 48 уйга қўшимча қурилган уй-жой ва қўшимча эгалланган 148,8 кв.метр ер майдонига эгалик ҳуқуқини беришлигни сўрагани, сўнг Қўқон шаҳар ҳокими қарорини кўчирмасини ўзгартириб, Қўқон шаҳар, Жийдалибоғ кўчаси 48 уйдаги қўшимча қурилган уй-жой ва 148,8 кв.метр ер майдонига фақат А.Маликовни эгалик ҳуқуқи берилганлиги, ҳоким қарорини аслини ўзгартириш ҳақида қарор чиқарилмаганлиги, мазкур қарор билан С.Пирматовани мулки қўлга киритилмаганлиги ёки бирон-бир шахсни ҳуқуқи ва манфаатларига зиён етказилмаганлиги сабабли, мазкур ҳолатда Ўз.Р. ЖКнинг 228 моддасида кўрсатилган жиноий қилмиш юз бермаганлиги учун, жиноят иши Ўз.Р. ЖПКнинг 83 моддаси 2 қисми билан ҳаркатдан тугатилган».

Мазкур ҳолатлар эса қуйидаги саволларни юзага келтирмоқда, яъни:

1). Ўз.Р. «Ер» Кодексининг 9 моддасида ер ажратиш, ерга ва уй-жойни эгалик ҳуқуқини белгилашга кадастр идоралари масъул этиб белгиланган.

Ҳоким номидан чиқариладиган қарорларни асослилигини, қонунийлигини текшириш хамда имзолнганидан сўнг ижросини таъминлаш кадастр бўлими бошлиғи ва ҳокимият ҳуқуқшуноси (юристи), котибият бошлиғи мажбурияти ҳисобланади.

Қандай қилиб, бир гурух мансабдор шахслар томонидан «Қўқон шаҳар ҳокими имзоси билан қалбаки қарор қабул қилинган бўлиб турсада», уларни ҳаракатида мансаб ваколатидан суиистеъмол қилиш, четга чиқиш, совуққонлик билан қараш, ҳокимият ҳаракатсизлиги аломатлари бўлсада, бу ҳолат Ўз.Р. ЖКнинг 205-209 моддалари ўрнига 228 моддаси 1 қисми билан баҳоланган?

2). Қандай қилиб, 1950 йиллардан бери 148,8 кв.метр ер майдони қўшимча қилиб Қўқон шаҳар, Жийдалибоғ кўчаси 48 уйни 0.0675 кв.метрлик ер майдонига қўшиб олинган бўлсада, 2019 йил 16 февраль кунги ҳоким қарорида «ушбу 148,8 кв.метр ер майдони А.Маликовга тегишли» деб ёзилган?

Ахир бу ҳолатда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 20 апрелдаги «Фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар хамда ўзбошимчалик билан қурилган турар-жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акциясини ўтказиш тўғрисида»ги №ПФ 5421-сонли Фармонига асосан, ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган 148.8 кв.метр ер майдони хам С.Пирматова ва А.Маликовни номига ёзилиб, тенг миқдорда (½ қисмдан, яъни 74.4 кв.метрдан) бўлиб берилиши лозимку!

3). Агарда, марҳум А.Маликов ва унинг ўғли М.Маликовлар томонидан қурилган бино-иншоотлар ва томорқаси ўлчаниб чиқилса, унда марҳум А.Маликовни ер майдони Қўқон шаҳар, Жийдалибоғ кўчаси 48 уй учун ажратилган умумий ер майдонини ½ қисмидан ортиқ чиқади.

Бу ҳолат эса, С.Пирматовани Қўқон шаҳар, Жийдалибоғ кўчаси 48 уйни ½ қисмига эгалик ҳуқуқини бузмайдими?

4). Ўзбекистон Республикаси «Ер», «Шаҳарсозлик», «Норматив-хуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Қонунларига асосан, –

Қўқон шаҳар кадастр идораси томонидан қуйидагича (мисол учун) “Қўқон шаҳар, Жийдалибоғ кўчаси 48 уйни ½ -қисмини марҳум А.Маликовга тегишли 48 «А»-уй, ½-қисмини эса С.Пирматовага тегишли 48 «Б»-уй” деб қарор чиқариши лозим эди.

Ўшанда хар бир хонадон учун алоҳида кадастр йиғма жилди тузилиб, унда барча ўлчовлар киритилган бўларди.

Лекин кадастр идораси мазкур талабларни бажармаган.

Мазкур ҳолатда мансабга совуққонлик аломатлари мавжуд бўлмайдими?