Вазирлар маҳкамасининг 2018 йил 747-сонли қарори билан фуқаролар томонидан йўлларда ҳаракат хавфсизлигини  таъминлашга ўз ҳиссаларини қўшиш имконият яратилди. Яъни фуқаролар ўзларининг шахсий машиналарига ўрнатилган видеорегистраторлар орқали йўлларда ҳаракатланиш давомида қайд этилган қоидабузарликларни махсус www.ejarima.uz веб сайтига юборади. Бу ҳақда Effect.uz ахборот агентлигининг Фарғонадаги мухбири Элёр Тожибоев маълум қилди.

Сайтга юборилган қоидабузарликлар қайд этилган видеолар ЙҲХнинг махсус ходимлари томонидан текшириб чиқилади ва тасдиқдан ўтса, аниқланган қоидабузарлик бўйича маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги қарор ҳайдовчининг яшаш манзилига автомат равишда юборилади.

“Ушбу тизимни ишлаб чиқишдан мақсад йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш жараёнида кенг жамоатчилик иштирокини оширишдан иборат. Ҳар битта юборилган ҳуқуқбузарлик тасдиқланиб, ўз истаги билан машинасида ўрнатилган видеорегистраторлар орқали ҳуқуқбузарликни қайд этиб, уни махсус сайтга юборадиган фуқаролар орамизда кўпайишини истардик”, дейди Фарғона вилояти ИИБ ЙҲХБ ахборот хизмати раҳбари Элбек Қобилов.

Айни вақтда ушбу тизим Ўзбекистоннинг қайси ҳудудларида амал қилиши ҳақида маълумот берилмаган. Ҳар битта тасдиқланган ҳуқуқбузарликни қайд этган фуқарога тахминан 11 минг сўмдан пул ажратиб берилади.