Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 16 июнь кунги видеоселектор йиғилишида юртимизда коронавирусга чалинганлар сони сўнгги икки ҳафтада кескин ошгани ҳақида тўхталиб ўтди.

Жумладан, шу даврда биргина Тошкент шаҳрида аниқланган 551 нафар ҳолатдан 482 нафари аҳоли орасидан аниқлангани, шундан 57 та ҳолатда юқиш манбаи номаълум бўлиб қолаётгани касалликни юқтириб олиш хавфи юқори эканини кўрсатмоқда.

Аввал хабар қилганимиздек, 15 июнь санасида юртимизда коронавирус инфекцияси тасдиқланган 183 нафар беморнинг 29 нафари аҳоли орасида аниқланган бўлса, 16 июнь куни эса коронавирус қайд этилган 230 нафар бемордан 20 нафари аҳоли орасида тасдиқланди. Икки кунлик маълумотга кўра, умумий касалланиш кўрсаткичи анча ошган, аҳоли орасида коронавирусга чалиниш ҳолати эса бирмунча камайган.

16 июнь куни аҳоли орасида коронавирус аниқланиш ҳолатларини ҳудудлар кесимида кўрадиган бўлсак,

Тошкент шаҳрида 14 нафар,

Бухоро вилоятида 3 нафар,

Самарқанд вилоятида 2 нафар,

Наманган вилоятида эса 1 нафарни ташкил этди.

Жумладан, Тошкент шаҳри Олмазор туманида яшовчи оиланинг 3 нафар аъзосида (дам олиш ҳудудига ҳордиқ чиқариш учун оилавий боришган, бир кун ўтиб, тана ҳарорати кўтарилгач, таҳлил топширишган), шу туманда яшовчи яна уч нафар фуқарода: Учтепа туманидаги тикувчилик цехи ишчисида, ишга жойлашиш учун намуна тоширган шахсда ҳамда тана ҳарорати кўтарилгани сабабли поликлиникага мурожаат қилган фуқарода касаллик қайд этилган.

Бундан ташқари, “Малика” савдо мажмуаси сотувчисида (ишга чиқиш учун намуна топширган), Юнусобод туманида яшовчи ҳомиладор аёлда (шифохонага ётиш учун намуна топширган), Сергели туманида яшовчи вақтинча ишсиз фуқаро (тана ҳарорати кўтарилгач, уй шароитида шифокорга мурожаат қилмасдан даволанган) ва унинг 4 нафар оила аъзосида, республика ихтисослаштирилган онкология ва тиббий радиология илмий-амалий тиббиёт марказида даволаниш учун намуна топширган фуқарода инфекция аниқланган.

Шунингдек, Самарқанд туманида яшовчи нафақадаги беморда (онкология касаллиги сабабли шифохонага ётиш учун намуна топширган), Самарқанд шаҳридаги 24-мактаб фарроши (кўкрак бези касаллиги бўйича намуна топширган), Бухоро вилояти Шофиркон туманида яшовчи ҳайдовчида ҳам касаллик тасдиқланган.

Ушбу ҳолатлардан келиб чиққан ҳолда давлатимиз раҳбари ҳам коронавирус билан боғлиқ вазият тобора мураккаб тус олиб бораётганига алоҳида эътибор қаратиб: “Бугун пандемияга қарши курашда хушёрлик ва масъулиятни бир карра эмас, ўн карра оширадиган янги босқич бошланмоқда, десак тўғри бўлади”, дея алоҳида таъкидлаб ўтдилар.