Тадбиркорликка йўл бериш керак, ёрдам кўрсатиш зарур деб аҳолини норози қилиш шартми? Ёхуд ким ҳақ Фарғона вилояти ҳокимими ёки Фарғона шаҳар ҳокими?

Фарғона вилояти хокими Шуҳрат Ғаниевнинг 2018 йил 20 август кунги 434-сонли қарорига асосан «Фарғона шаҳар ҳокимини 2011 йил 7 июль кунги 512-сонли ва 2018 йил 27 февраль кунги 269-сонли фуқаро Шераев Мамасидиқ Қамчибоевичга Фарғона шаҳар, А.Яссавий кўчаси 43а ва 45в-сонли кўп қаватли турар-жой биноларининг умумий фойдаланишидаги ер майдонида икки дона беш қаватли биноларини қурилиш учун ер майдонлари танлаш ва ажратиш ҳақидаги қарорлари амалдаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига зид бўлганлиги учун бекор қилинган».

Бундан ташқари, Риштон тумани маъмурий судининг 2018 йил 2 ноябрь кунги ҳал қилув қарорига асосан “Аризачи Шераев Мамасидиқ Қамчибоевичнинг жавобгар Фарғона вилояти хокимлигига нисбатан «хоким қарорини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақида»ги аризаси қаноатлантирилмасдан” қолдирилган.

Шундан сўнг, 2020 йил 11 март куни Фарғона вилояти ҳокимининг (04.08.2018 йилдаги 365-Ф-сонли) фармойиши билан тасдиқланган ишчи гуруҳ томонидан йиғилиш ўтказилиб, «Фарғона шаҳар ҳокимининг 2018 йил 27 февраль кунги 269-сонли қарорини қонун ҳужжатларига мувофиқлаштиришга рухсат бериш мумкин»-деб ҳисобланиб, 62/01-49-сонли Баёни тузилган.

Худди шу куниёқ ишчи гуруҳ раҳбари (Фарғона вилояти хокими ўринбосари Д.Ходжиахмедов томонидан Фарғона шаҳар хокими Х.Хабибиддиновнинг номига «Фарғона шаҳар ҳокимини 2018 йил 27 февраль кунги 269-сонли қарорини қонун ҳужжатларига мувофиқлаштириш бўйича» 03-07/1239-сонли хати ижро учун юборилган.

Сўнг, 2020 йил 16 март куни Фарғона шаҳар хокими Х.Ҳабибиддинов номидан 156-сонли «Фарғона шаҳар ҳокимини 2018 йил 27 февраль кунги 269-сонли қарорини қонун ҳужжатларига мувофиқлаштириш тўғрисида» қарори қабул қилинган.

Мазкур қарорга асосан фуқаро М.К.Шераев ҳозирги кунда «Фарғона шаҳар, А.Яссавий кўчаси 43а ва 45в-сонли кўп қаватли турар-жой биноларининг умумий фойдаланишидаги ер майдонида беш қаватли бинони қурилиш ишларини» олиб бормоқда.

Мазкур ҳолатда Фарғона вилояти ва Фарғона шаҳар хокимлигини қарорлари бир-бирига зидлиги ва низоли вазиятни юзага келишига сабабчи бўлаётганлиги аниқланган, яъни:

1). Фарғона вилояти хокими Шуҳрат Ғаниевнинг 2018 йил 20 августдаги 434-сонли қарори ва Риштон тумани маъмурий судининг 2018 йил 2 ноябрь кунги ҳал қилув қарорига асосан «Фарғона шаҳар ҳокимини 2011 йил 7 июль кунги 512-сонли ва 2018 йил 27 февраль кунги 269-сонли қарорлари амалдаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига зид бўлганлиги учун бекор қилинган бўлса», унда бекор қилинган 269-қарорни мувофиқлаштириш мумкинми?

2). Ўзбекистон Республикаси «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги қонуни талабларида “Юқори турувчи мансабдор шахснинг қарорини фақатгина ундан юқори турувчи мансабдор шахс ёки суд томонидан бекор қилиниши мумкинлиги” қайд этилган.

Фарғона вилояти хокими Шуҳрат Ғаниевни 2018 йил 20 августдаги 434-сонли қарори ҳозиргача амалда бўлиб, юридик кучга эга бўлсада, қандай қилиб ушбу қарорни бекор қилмасдан туриб, Фарғона шаҳар хокими томонидан 2020 йил 16 март куни 156-сонли қарорни қабул қилган, бу мансаб ваколатидан четга чиқиш ҳисобланмайдими?

3). «Мувофиқлаштириш» дегани – «Фарғона шаҳар ҳокимининг 2018 йил 27 февраль кунги 269 –сонли қарорини қайта тиклаш» дегани эмас, балки «ўша 269-сонли қарорни ўрнига камчиликларни тўлиқ бартараф этиб янги қарор қабул қилиш» деган маънони билдиради.

«Камчиликларни бартараф этиш» дегани эса «Фарғона вилояти ҳокимининг амалдаги 20.08.2018 йилдаги 434-сонли қарорини бекор қилиш учун янгитдан ҳужжатларни тўплаб, сўнг Фарғона шаҳар хокими Х.Хабибиддинов номидан тақдимнома киритиб, сўнг вилоят ҳокимининг қарорини бекор қилдириб, сўнгра фуқаро М.Шераевга қурилишга рухсат бериш учун Фарғона шаҳар ҳокимининг янги қарорини қабул қилиш жараёнини» билдиради.

Лекин Фарғона шаҳар хокимлиги томонидан мазкур қонун ижодкорлиги жараёни талабларига риоя этмасдан, тўғридан-тўғри 2020 йил 16 март кунги 156 сонли қарорни қабул қилган.

Мазкур ҳолат эса, Ўзбекистон Республикаси «Норматив-хуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги қонуни талабларини қўпол равишда бузиш ҳисобланади. Хўш, ушба вазиятда энди ким ҳақ???