Жорий ой бошида – 4 июнь куни Falcon 9 ракета-ташувчисиSpaceX компаниясининг навбатдаги 60 та мини-йўлдошини Ер орбитаси қуйи қатламига олиб чиққан эди. 13 июнда эса бу ташувчи яна 58 та микройўлдошни фазога чиқарди ва бу сайёрамизга бепул интернет тарқатишга мўлжалланган Starlink лойиҳаси доирасидаги тўққизинчи парвоз бўлди.

 

Ушбу лойиҳа сайёрамизнинг исталган бурчагида, ҳатто инфратузилма мавжуд бўлмаган чекка ҳудудларда ҳам кенг полосали интернетга уланиш имконини тақдим этишга мўлжалланган. Бунинг учун эса сунъий йўлдош орқали уланишни ташкил этиш талаб этилади – Маск улардан жами 12 мингта учирмоқчи. Интернетнинг ишлай бошлаши учун камида 780 та сунъий йўлдош Ер орбитасига чиқарилиши лозим; ҳозирча эса улар сони 540 тага етган

Starlink мана шу ёзнинг ўзидаёқ ёпиқ бета-тестларни бошлайди, кейинроқ эса очиқ – оммавий синовлар ўтказилади. Шу боисдан компания расмий сайтида аллақачон интернетга уланишни хоҳловчилардан аризалар қабул қила бошлади. Бунинг учун аризачи электрон почта манзилини, яшаш ҳудудини ва почта индексини кўрсатиши керак бўлади.

Starlink ўз хизматларини дастлаб АҚШ ва Канада ҳудудида тақдим этади, 2021 йилга бориб эса унинг интернети бутун дунё бўйлаб тўлақонли ёқила бошлайди. Лекин яна бир масала чиқиб қолди…

Гап шундаки, шу пайтгача кўплаб хабарларда Starlink интернети бепул бўлиши айтилаётган эди. Аммо кейинги пайтларда унинг интернети пулли, лекин паст нархларда тақдим этилишини айтишяпти. Шунга қарамай, у ҳозирги мобил ва симли интернетлардан анча арзон бўлади; асосийси – ҳамма жойда ва 5–10 марта тез ишлайди.

Сиз ҳам, https://www.starlink.com/ сайти орқали Starlink расмий сайтига ўтиб, ариза жўнатиб қўйишингиз мумкин.