XXI асрнинг тарихий воқеликлари сифатида ўтмишда қоладиган коронавирус инфекциясининг тарқалиши сабаб 2020 йил инсоният олами учун мисли кўрилмаган ўзгаришларга юз тутмоқда. Тарихда илк бор барча тадбирлар, анжуманлар, байрамлар онлайн тарзда ўтказиладиган бўлди. Коронавирус пандемияси ҳозирги кунда спорт олами вакилларига янгидан янги жумбоқларни тақдим қилиб келмоқда. Улардан бири 23 июнь куни нишонланадиган “Олимпия куни” байрамидир. 2020 йилга белгиланган Олимпия ва Паралимпия ўйинлари 1 йилга қолдирилди. Бироқ “Олимпия куни” ортга сурилмайдиган умумбашарий байрамдир Шу боис ҳозирда Халқаро Олимпия қўмитаси ва барча Миллий олимпия қўмиталари яқинлашиб келаётган мазкур байрамни кўтаринки руҳда ўтказиш устида иш олиб боришмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ҳам мазкур кунни ўзгача шукуҳда қарши олиш борасида иш олиб бормоқда. Бу борада Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги билан ҳамкорликда Ишчи гуруҳи тузилди, ҳар бир йўналиш вакилларига қилинадиган ишлар бўйича вазифалар юклатиб берилди.

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси 27 йилдирки Халқаро олимпия қўмитаси ташаббусини қўллаб – қувватлаган холда, мамлакатимизда “Олимпия куни”ни кенг нишонлаб келяпти. Бу кун тадбир иштирокчилари ўзларини ҳақиқий Олимпиячи сифатида ҳис этиш имкониятига эга бўлади. Ўзбекистонда бу йилги Олимпия куни:
• 15-18 июнь кунлари виртуал югуриш мусобақсини ўтказиш
• 17-20 июнь кунлари Ижтимоий тармоқларда “Олимпиада – бу…” рукнида машҳур спортчи ва спорт мухлисларининг интерьвюларини ташкил этиш;
• 20 июнь куни онлайн бадан тарбия ва мастер-класс тадбири марафонини ZOOM платформаси орқали ўтказишбелгиланган.

Ҳозирда ушбу байрамга муносиб тайёргарлик кўриш бўйича иш олиб борилмоқда. Шуни аниқ айтиш мумкинки, бу йил мухлислар ҳар қачонгидан ўзгача “Олимпия куни”га гувоҳ бўлишади. Онлайн тарзда ўтказиладиган байрам учун турли онлайн мусобақалар ва спортимиз юлдузларининг ажойиб чиқишлари режалаштирилган.

Бу йилги “Олимпия куни” #StayStrong, #StayHealthy ва #StayActive шиорлари остида ўтади. Бу лозунглар нафақат ўзбек, балки бутун дунё спортчилари ва аҳолисини уйда қолиб, соғлом турмуш тарзинитарғиб қилишга чорлайди.

Маълумот учун, Халқаро олимпия қўмитаси (ХОҚ)га 1894 йилнинг 23 июнь куни барон Пьер де Кубертен томонидан асос солинган. Бутунжаҳон Олимпия кунини нишонлаш ҳақидаги қарор – 1948 йилнинг январь ойида Санкт-Мориц шаҳри (Швейцария)да ўтказилган ХОҚнинг 42-сессиясида қабул қилинган. Олимпия куниилк бор 1948 йилнинг 23 – июнида Австралия, Бельгия, Канада, Буюк Британия, Греция, Португалия, Швейцария, Уругвай ва Венесуэла Миллий олимпия қўмиталари томонидан нишонланган. Мазкур спорт байрами қарийб 60 йил давомида “Олимпия югуриш куни” сифатида ўтказилиб келинган.

2009 йилга келиб ХОҚнинг ўша пайтдаги раҳбари Жак Роггенинг таклифи ҳамда Халқаро олимпия қўмитасининг қарорига кўра “Олимпия югуриш куни” – “Олимпия куни” деб ўзгартирилди.

Бугунги кунга келиб “Олимпия куни” дунёда энг оммавий тарзда нишонланадиган спорт байрамларидан бирига айланган. Ҳар йили Халқаро олимпия қўмитасига аъзо 205 давлатда ўтказиладиган спорт ва саломатлик байрамида миллионлаб инсонлар бевосита иштирок этишмоқда. Ушбу тадбирни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад – аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини ҳамда Олимпизм ғояларини кенг тарғиб этиш, катта-ю, кичик қалбида жисмоний тарбия ва спортга бўлган меҳрни янада юксалтиришдан иборат.

Муҳтарам Президентимиз доимо спортни қўллаб-қувватлаб келганлар. Буни мамлакатимизни ривожлантириш йўлида тасдиқланган 5 муҳим ташаббуснинг бири айнан жисмоний тарбия ва спорт соҳасига қаратилганидан ҳам билиб олиш қийин эмас. Карантин даврида дунёнинг кўплаб давлатлари, айниқса, уларнинг спортчилари иқтисодий жиҳатдан қийинчилик кўриб турган бир пайтда юртбошимиз томонидан олиб борилаётган оқилона сиёсат сабаб бундай қора кунлар атлетларимиз ва мураббийларимизни четлаб ўтди дейиш мумкин.

Азиз ҳамюртлар, Сиз ҳам ўзингиз ва яқинларингиз саломатлиги учун биз билан уйдан туриб спорт билан шуғулланинг.