Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси чалиниш ҳолатларининг кунлик таҳлили ушбу касалликни юқтириб олиш хавфи юқори эканини кўрсатмоқда.

Аввал хабар қилганидек, 11 июнь санасида Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси тасдиқланган 118 нафар беморнинг 39 нафари аҳоли орасида аниқланган бўлса, 12 июнь куни эса коронавирус қайд этилган 128 нафар бемордан 26 нафари аҳоли орасида тасдиқланди.

Икки кунлик маълумотга кўра, умумий касалланиш кўрсаткичи ошган,  аҳоли орасида коронавирусга чалиниш ҳолати эса бирмунча камайган.

Аммо хотиржам бўлишга ҳали эрта.12 июнь куни аҳоли орасида коронавирус аниқланиш ҳолатларини ҳудудлар кесимида кўрадиган бўлсак, Тошкент шаҳрида 14 нафар, Бухоро ва Тошкент вилоятларида 5 нафардан, Самарқанд вилоятида эса 2 нафарни ташкил этмоқда.

Жумладан, Бухоро вилоятининг Шофиркон, Жондор ва Вобкент туманларида яшовчи фуқароларда ҳамда Самарқанд вилояти Ургут туманида яшовчи 2 нафар фуқарода ҳам коронавирус инфекцияси тасдиқлангани ҳақида аввал хабар берган эдик.

Бундан ташқари, Тошкент шаҳри қурилиш объекти ишчисида ва қурилиш объектига ишга кириш учун таҳлил топширган фуқарода, Юнусобод туманида яшовчи фуқарода (тана ҳарорати кўтарилган, уй шароитида даволанган, сўнгра шифохонага бориб таҳлил топширган), ушбу туманда яшовчи яна бир фуқаро (тана ҳарорати кўтарилаётганлиги сабабли таҳлил топширган), Зангиота туманида яшовчи фуқарода (санаторийда ётиш учун таҳлил топширган) коронавирус аниқланган. Айни пайтда ушбу ҳолатлар юзасидан эпидемиологик суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Гувоҳи бўлганингиздек, қаерда ва кимдан касалликни юқтириб олганидан бехабар фуқароларимиз таҳлил топширганларида коронавирусга чалинганликларини билишмоқда. Хориждан келган фуқароларимиз карантинга олингани боис, улардан касалликнинг тарқалиш хавфи паст.

Лекин юртимизда касалликни қаердан юқтириб олганини билмасдан юрганлардан касаллик тарқалиш хавфи ўта юқори.