Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири М.Солиев мутахассислар билан биргаликда Фарғона вилояти Сўх туманида бўлиб, аҳолининг соҳадаги муаммоларини ўрганди.

Бу ҳақда Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ахборот хизмати маълум қилди.

Бугунги кунда туманда 76 фоиз аҳоли марказлашган ичимлик суви билан таъминланган. Маълум бўлишича, аҳоли 4 дона булоқдан ҳам сув истеъмол қилади.

Ўтган йили  “Обод қишлоқ” дастури доирасида амалга оширилган қурилиш-монтаж ишлари натижасида 1 627 нафар аҳоли илк бор ичимлик сув таъминоти билан таъминланди.

2020-2021 йилларда амалга ошириладиган ишлар белгилаб олинди. Хусусан, “Офтобру”, “Тул”, “Ҳушёр”, “Қақир” каби 16 та маҳалла фуқаролар йиғинларида яшовчи аҳолини ичимлик сув билан таъминлаш мақсадида 25 миллиард сўм маблағлар доирасида 30,5 километр ичимлик сув тармоғи тортилади.

11 дона ичимлик сув иншоотини қуриш ва реконструкция қилиш, 9 дона янги ичимлик сув қудуғи қазиш, 7 дона ичимлик сув ҳавзасини қуриш каби ишлар режалаштирилган. Мазкур ишлар натижасида Сўх туманида истиқомат қилувчи 33 минг 800 нафар фуқаролар ёки 91,2 фоиз тоза ичимлик суви билан таъминланади.