1999 йили шу куни Евро-2000 саралаш босқичи Франция ҳамда Россия терма жамоалари ўртасидаги суперучрашув ўтказилганки, бу баҳсни руслар ҳалигача унутишмаган.

Зотан бир йил олдин жаҳонни титратган “учранглилар” ўйин томонлама ҳам ўсган, Зиданни билан исталган ҳимояни чок-чокидан йиртиб ташлаётган эди.

Париждаги Сен-Денида жойлашган “Стад де Франс”да минглаб мухлислар Франция Россияни неччию-неччи енгаркан деган савол билан ташриф буюрган кеча. Сабаб етарли бунга – 14 ойдан бери енгилмай келаётган Франция уйида эди, 98-мундиални ўтказиб юборган ва навбатдаги мусобақанинг учта дастлабки ўйинида мағлубиятга учраган Россия эди қаршисида.

Романсев шогирдлари шу ўйинда ҳам ютқазишса, бўлди, буёғига кейинги босқич ҳақида гапирилмасди ҳам. Фақат ғалаба қониқтирарди русларни. Шунда ҳам қандайдир математик ҳисоб-китоблар учун замин ҳозирларди, холос.

Футболда тахминлар юз фоизга нотўғри чиқиши мумкинлигини шу оқшом кузатгандик. Россия 3:2 ҳисобида енгишди ва кейинги ғалабаларига илҳом чорлаб олишди. Фаолиятидаги энг зўр ўйинини ўтказган Александр Панов ўз дубли билан бутун Европани ўзи ҳақида гапиришга мажбур этди.

Россияга бу ғалаба шунчалик зўр илҳом манбаи бўлиб бердики, охирига қадар ишончларни оқлаб боришди. Фақат ўша, бу ўйинданда машҳурроқ тўқнашувда Андрей Шевченконинг узатма аралаш зарбаси Филимоновнинг хатоси билан голга айланмаганида, Россия Евро-2000 иштирокчиси бўларди ва кўп эҳтимол шу ўйин умуман бошқа руҳда эслаб ўтириларди. Майли, жамоа охирида хурсанд бўлмагандир, бироқ аср охиридаги 5 июнда уларнинг шодлиги чексиз эди.

***

Шу куни италиялик сифатли ҳужумчи Алберто Жилардино туғилган. 1982 йили таваллуд топган ҳужумчи ҳозирда мураббий бўлиб фаолият юритмоқда. Жилардино Дел Перо, Индзаги, Вери каби ҳужум чизиғи қироллари давомчиси ўлароқ кириб келди Италия футболига. Техникаси зўр, зарбаси мўлжалланган ва тезлиги ҳавас қилгули Албертони Парма таркибида порлаганида таниганман.Кейин Милан олиб кетди уни, тўғри, лекин Италия терма жамоаси бўлмаганида биз юқори дидли Жилардино йўқотиб ҳам қўярдик. Тўғри, қаҳрамонимиз Милан сафида футболчи орзу қилиши мумкин бўлган зўр совринларни олган. Айниқса, 2007 йилги ЕЧЛ кубоги ёқимли соврин. Бироқ, Жилардино кашф қилинган пайти Баджо, Дел Перо ва Тотти услубининг меросхўри бўлади, деб тахмин қилинган-дида.

Шундай бўлсада, унинг ўйинларидан баҳра олдик, хоҳ Милан бўладими, хоҳ “Фиорентина”ми, кейинчалик “Эмполи”, Палермолар бўладими. Муҳими, Италия футболини куйиниб ҳимоячилар юрти деб аташаётган пайтда у ҳужум чизиғида ҳам юқори дидли юлдузлар ўйнаганига мисол бўлиб эсланаверади. Энг муҳими, жаҳон чемпиони. Италия терма жамоаси таркибида ўша Дел Перо, ўша Тотти каби у ҳам жаҳон чемпиони. Буниси энди ажойиб ҳикоя.

Ҳайрулла Ҳамидов