Жорий йилнинг 26 май куни блогер Кирилл Альтманнинг Беҳруз Ҳамзаевдан олган интервьюси Youtube ижтимоий тармоғига “Вазирликни очиш — осон, Ўзбекистонни Инновацион мамлакат қилиш — қийин”  (“Открыть министерство — легко, сделать Узбекистан инновационной страной — тяжело“) сарлавҳаси билан жойлаштирилди.

Мазкур интервьюда Беҳруз Ҳамзаев World Influencers Network асосчиси, “ZIYO FORUM” ривожланиш ва таълим жамғармаси директори ўринбосари, Инновацион ривожланиш вазирлиги тузилишининг ташаббускори, ҳамда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раисининг собиқ маслаҳатчиси, Ўзбекистонда амалга оширилган кўплаб лойиҳалар, концепциялар, стратегиялар ва қонунларнинг муаллифи сифатида таништирилади.

Беҳруз Ҳамзаев суҳбат давомида “Инновацион ривожланиш вазирлигининг ғояси мендан чиққан, улар вазирлик номини ҳам нотўғри қўйилган” деб фикр билдиради.

Инновацион ривожланиш вазирлигининг баёнотида Инновацион ривожланиш вазирлиги Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2017 йилнинг ноябрь ойида ташкил этилгани ҳеч кимга сир эмаслиги таъкидланмоқда.

Ўзбекистон Республикаси президентининг 2017 йил 29 ноябрдаги №ПФ-5264 сон “Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигини ташкил этиш тўғрисида”ги Фармони ҳамда 2017 йил 30 ноябрдаги №ПҚ-3416 сон Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги Қарорини ёзиш ишларида унинг иштироки ҳақида ҳеч қандай расмий маълумотлар ҳам йўқ.

Тўғри, Б.Ҳамзаев томонидан блогер К.Альтманга кўрсатилган “Ўзбекистон Республикасининг келажак, новаторлик ва ҳамкорлик вазирлиги” деб номланган брошюраси уч йил аввал ўзи тилга олмаган масъул ходимларга тақдим этилган ва унинг бу ғоясини кимдир қўллаб-қувватлаган ҳам бўлиши мумкиндир. Лекин бу унинг “Инновацион ривожланиш вазирлигини мен ташкил этганман” дейиши учун зинҳор асос бўла олмайди. Бундан ташқари, Беҳруз Ҳамзаев Инновацион ривожланиш вазирлигида расман фаолият юритмаган, унинг акаси Беҳзод Ҳамзаев бошқарма бошлиғи лавозимида ишлаган даврда Беҳруз акасини олдида юрган.

Беҳруз Ҳамзаев Президентнинг вазирлик ташкил этилиши тўғрисидаги Қарори ва Фармонини ёзганини, бу қарорлар билан Бирлашган Араб Амирликларининг Келажак вазирлиги каби Инновацион ривожланиш вазирлигига Вазирлар Маҳкамасининг вазифалари берилганини, айни кунларда вазирлик “супер вазирлик” сифатида ўз вазифаларини бажармаётгани бўйича эътирозларини баён этади. Бироқ у тилга олган lex.uz сайтидаги Қарор ва Фармон билан танишган ҳар бир инсон вазирлик Вазирлар Маҳкамасига тенглаштирилмаганига ҳамда унинг вазифалари ва функциялари Б. Ҳамзаев тасвирлаганидан ўзгача эканига амин бўлиши мумкин.

Шу ўринда Б. Ҳамзаев Инновацион ривожланиш вазирлиги тузилганидан бери бирор иш қилмагани ҳақида ҳам гапиради. Бу гапларининг ўринсиз ва асоссиз, жоиз бўлса, шу вазирликда фаолият юритган ва юритаётган давлат хизмачиларига нисбатан туҳмат эканига Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигининг ташкил этилганидан бошлаб амалга оширилган асосий фаолияти натижалари тўғрисида маълумот билан танишиб амин бўлиш мумкин.

Б. Ҳамзаевнинг вазирликни ташкил этилиши бўйича ҳужжатларни тайёрлаш учун 50 минг АҚШ доллари сарфлагани ҳақидаги гапи эса Ўзбекистон Республикаси давлат органлари фаолияти билан озроқ бўлса-да таниш бўлган ҳар қандай киши учун ҳам кулгили, ҳам мантиқсиз иддаодир.

Инновацион ривожланиш вазирлиги шубҳасиз иқтидорли ёш мутахассис, туризм соҳасида амалга оширган лойиҳалари билан танилган Беҳруз Ҳамзаевнинг кейинги ишларига муваффақиятлар тилайди ва келажакда у томонидан таклиф этилиши мумкин бўлган юртимиз равнақи, халқимиз фаровонлиги учун хизмат қиладиган амалий лойиҳалар бўйича ҳамкорликка тайёр эканини маълум қилади.

Ўз навбатида, ҳурматли блогеримиз Кирилл Альтмандан шу каби мантиқсиз интервьюларни тарқатмасликни сўраймиз ҳамда блогернинг суҳбатдоши томонидан берилган фикрлар ва мулоҳазалар давлат органини ҳақоратлаш билан баравар эканини эслатамиз, дейилади расмий баёнотда.