Жорий йилнинг 21 май куни соат 10.30 лар атрофида Қашқадарё вилояти Яккабоғ тумани Дархон МФЙ истиқомат қилувчи Муродулла Худойназаровнинг фермер хўжалигида тортишув ва муҳокамага сабаб бўладиган воқеа юз берган. Бу ҳақда ҳодиса гувоҳларидан бири “Xabar.uz”га маълум қилган.

Ушбу хабарга тегишли ташкилотлар томонидан муносабат билдирилди.

Воқеа жараёнини тасвирга олган фуқаронинг маълум қилишича, 2019 йил сентябр ойида бўш ердан унумли фойдаланиш мақсадида фермер экин экади. 2020 йил 21 май куни тегишли идоралардан келган мутасадди ходимлар ҳеч қандай ёзма огоҳлантиришсиз пишиб етилаётган ҳосил майдонини буздириб ташлашади ва ҳосил (пиёз) йўқ қилинади.

Қашқадарё вилояти ИИБ томонидан олиб борилган дастлабки ўрганишлар натижасига кўра, Яккабоғ туманидаги “Дархон” МФЙ ҳудудида фаолият кўрсатиб келаётган “Худойназаров Муродулла Бобомуродович” фермер хўжалигига 102,1 гектар ер майдони ажратиб берилган.

Жорий ҳосил йилида бошоқли дон ва чигит етиштириш учун режага асосан ажратилган ерлардан мақсадли фойдаланмаган;

Ер кодекси талабларини бузган ҳолатда, ўзбошимчалик билан ноқонуний равишда 6,1 гектар майдонга беда ва 1,40 гектар майдонга пиёз экилган, 1,0 гектар ер майдони эса самарасиз бўш қолдирилган.

2020 йилнинг 21 май куни тегишли идоралар ходимларидан иборат вакиллар фермер хўжалиги ерига келиб, шартнома режасида кўрсатилган экинлар ўрнига ноқонуний равишда экилган экинларни бузиш ҳаракатлари олиб борилаётган вақтда М. Худойназаров ҳокимят вакилларнинг қонуний талабларига бўйсунмасдан, уларга қаршилик кўрсатишни бошлаган.

Ички ишлар органлари ходимлари фуқароларнинг қаршиликларини бартараф этиш борасида ҳаракат қилишаётган вақтларида, шу жойда бўлган фуқаро Ф.М.Дагаров содир бўлаётган жараённи ўзининг қўл телефони ёрдамида видеотасвирга олиб, интернет ижтимоий тармоғига жойлаштирган.

Яккабоғ туман ҳокимлиги Ахборот хизматига Ўзбекистон Республикаси  Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Яккабоғ туман Кенгаши раиси Аброр Тўхтамишов қўйидагиларни маълум қилди:

“Албатта, қонун ўзбошимчаликни кечирмайди. Туман Ер ресурслари ва Давлат кадастри бўлими, Қишлоқ хўжалиги бўлими, Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари  туман Кенгаши тегишли идоралар ходимларидан иборат вакиллар ва фермер хўжалиги раиси иштирокида тузилган далолатнома асосида ноқонуний экилган экинлар бузилиб, ўрнига шартнома режасида кўрсатилган экинлар экилиши белгиланиб олинди”.

Интернет-нашрнинг маълум қилишича, воқеа жараёнини тасвирга олган фуқаронинг маълум қилишича, 2019 йил сентябр ойида бўш ердан (тахминан 60 сотих) унумли фойдаланиш мақсадида фермер экин эккан. 21 май куни тегишли идоралардан келган айрим мутасадди ходимлар ҳеч қандай ёзма огоҳлантиришсиз аҳоли истеъмолига зарур бўлган ва айни вақтда пишиб етилаётган ҳосил майдонини буздириб ташлашади ва ҳосил (пиёз) йўқ қилинади.

Шунингдек, интернет-нашр ўртага бир саволни ташлаган: айни тайёр истеъмолга зарур ҳосилни йўқ қилиб ташлашнинг кимга кераги бор? Ҳосилнинг бундай нобуд қилиниши қанчалик инсофдан?