Бугунги кунда 40 та туман (шаҳар) “қизил”, 45 таси “сариқ” ҳудуд сифатида қолмоқда. Энг ташвишлиси, ўтган 10 кунда аҳоли ўртасида касалланганлар сони ҳам ошиб бормоқда. Жумладан, Навоийда 57 та, Самарқандда 73 та, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида 114 та шундай ҳолат аниқланган.

Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев раислигида инвестиция масалалари муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши аввалида мамлакатда коронавирус пандемиясига қарши кураш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида ўтказилган видеоселекторда маълум қилинди.

Айтилишича, айниқса, бозорлар, савдо комплекслари, банкларда ижтимоий масофага амал қилмаслик, кўча-кўйда тиббий ниқоб тақмаслик, бемалол ва хотиржам бўлиб, уйларда турли тадбирлар ўтказиш ҳолатлари кўпаймоқда.

“Бундай салбий ҳолатлар касалликни аниқлаш, олдини олиш ва даволаш учун қилаётган барча ҳаракатларимиз, бюджетдан олинаётган триллионлаб харажатларимиз натижадорлигини йўққа чиқариши мумкин”, дейди президент.

Республика комиссияси вилоят ҳокимлари билан бирга бир кун муддатда эпидемиологик вазият ёмонлашган ҳудудларнинг тоифасини қайта кўриб чиқсин ҳамда карантин чораларини кучайтириш бўйича таклиф киритсин.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги “қизил” ва “сариқ” ҳудудларда кунлик тест олиш сонини ошириши лозим. Бунда тиббиёт муассасалари, бозорлар, банклар ва аҳоли кўп жойларда назорат тестлар олиши кўпайтирилади.