EFFECT.UZ интернет-нашрига Фарғона вилояти Қува тумани Тошкент МФЙ Мурувват кўчаси 28-уйда яшовчи фуқаро Маҳбуба Холматова мурожаат қилди. Мурожаатчининг айтишича, 25 йилдан бери 4 ўғли билан яшаётган уй сабабсиз ҳокимият томонидан тортиб олиниб, тадбиркорга бериб юборилиши мумкин.

“Бу жойдан кўплар манфаатдор” – Қувада ҳокимият ногирон аёлнинг раҳматли эридан қолган уй-жойини тортиб оляпти

Видео

EFFECT.UZ мухбири Элёр Тожибоев томонидан фуқаронинг мурожаатини ўрганиб чиқилди ва ўрганиш ҳақидаги мақола ва видео омма эътиборига тақдим этилди. Журналистик суриштирув тўғрисидаги эълон қилинган материалдан сўнг Олий Мажлис сенати раиси Танзила Норбоева томонидан вазият назоратга олинди.

Воқеа тарихи

Маҳбуба Холматова яшаётган жойнинг кадастр ҳужжатлари мавжуд бўлиб, жой Маҳбуба Холматовага тегишли эканлиги ҳужжатларда кўрсатилган бўлса ҳам, расмий идора вакиллари томонидан фуқарога тегишли уй-жойнинг ҳужжат масаласи расмийлаштириш жараёни 3 йил давомида ҳам қонуний ҳал этилмаган.

Мурожаатчи ўзига бўлган ноҳақликлардан сўнг Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниевга мурожаат қилади. Хуллас, ногиронлиги бор ва 4 нафар фарзанди билан ўзига тегишли бўлган уй-жойида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб, Қува халқи учун кутубхона қуришни истаган аёлнинг истаклари амалга оширилмаяпти. Бунга ҳокимиятдаги бюрократия, қоғозбозликлар ва “кимга бўлса ҳам бойга бўлсин” қабилидаги ишлар сабаб бўлган.

“Мени яшашга ҳаққим йўқми, бу замон фақат бойларникими. Нега ҳокимият одам ажратади. Мен ногиронман ва моддий жиҳатдан бой эмасман, аммо имконият берилса, мен ҳам тадбиркорлик билан шуғулланиб, ўғилларимни яхши яшашига шароит яратган бўлардим”, дейди Маҳбуба Холматова.

EFFECT.UZ мухбири Қува тумани ҳокимлигида ҳокимият ҳуқуқшуноси ва ҳокимнинг қурилиш бўйича ўринбосари билан мурожаатчи иштирокида суҳбат ўтказди. Аммо на ҳоким ўринбосари ва на ҳуқуқшунос саволларимизга тўлиқ ва қонуний жиҳатдан тўғри жавоб бера олишмади.

Устига-устак, ҳокимият ҳуқуқшуноси ҳокимлик биносида EFFECT.UZ мухбирларини ҳақорат қилиб, уларни маймунга қиёслади. Бундан ташқари, журналистлар ҳокимият идорасида карантин вақтида тиббий ниқобсиз юрган ходимларни жаримага ҳам торттиришга сабаб бўлишди.

Чунки, бу вазият содир бўлгунига қадар ҳокимият вакиллари Маҳбуба Холматованинг уй-жойига “харидор” бўлаётган тадбиркорларни чақиртириб, журналист фаолиятига тўсқинлик қилишига йўл қўйиб беришди.