Куни кеча ижтимоий тармоқларда “Орият Доно” радиосидаги кўрсатувда “Ўзбекистон 24” телеканалини танқид қилган икки “Спорт ТВ” журналисти акс этган видеолавҳа тарқалди.

Ўзбекистон Миллий Телерадиокомпанияси раиси Алишер Хўжаев ушбу видеога реакция билдириб, “СпортТВ” ходимлари Жамолиддин Бобожонов ва Бобур Акмаловларни корпоратив этикани бузганликда айблади. Алишер Хўжаевнинг ушбу пости ижтимоий тармоқларга жойлангандан сўнг, тармоқ фойдаланувчиларининг деярли барчаси пост муаллифининг фикрини қоралади.

Жумладан, Алишер Хўжаевнинг муносабатида шундай дейилади:

Шу кунларда “Орият Доно” радиоканалида эфирга узатилган бир суҳбатни эшитиб, суҳбатдошлар томонидан айтилган айрим фикрлар устида ўйлаб кўргач, Сизларнинг ҳукмингизга қуйидаги мулоҳазаларимни ҳавола этишни лозим, деб ҳисобладим.

Бобур Акмалов ва Жамолиддин Бабажанов ўзаро суҳбатлашаркан, мамлакатимиздаги вазият “Oʻzbekiston 24” телеканалида кўрсатилаётганидан бошқача (яъни салбийроқ) эканлиги, “Oʻzbekiston 24” телеканали қандайдир параллел оламда яшаётганлиги (яъни реал ҳаётдан узилганлиги) – хуллас, ушбу телеканалда берилаётган материаллар, маълумотлар ҳақиқатдан узоқлигини даъво қилишга уринишган.

Ҳар ким у ёки бу масалада ўзининг шахсий фикрини билдиришга ҳақли. Лекин бир оиланинг аъзоси (масалан, ака-укалардан бири) қўшнисининг уйига кириб, ўзининг акаси ёки укасини ёмонласа, бу халқимиз томонидан ҳамиша ўзбекчиликка, маънавиятга зид ҳодиса сифатида баҳолаб келинган.

Б.Акмалов ва Ж.Бобожонов Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг ходимларидир – Бобур Акмалов “Sport” телерадиоканалида 1-тоифали муҳаррир штатида, Жамолиддин Бобожонов “Sport” телерадиоканалида бош режиссёр штатида ишлайдилар. Бироқ улар корпоратив этика тушунчасидан йироқ эканликларини, спортчилар орасида жуда қадрланадиган жамоавий бирлик қадриятини умуман тушунмасликларини кўрсатиб қўйишди.

Бу икки ҳамкасбимиз ўзлари ишлаб турган катта жамоанинг фаолиятига нисбатан мутлақо асоссиз ва ноўрин танқидий фикрларини ўзга бир оммавий ахборот воситасининг минбаридан туриб билдиришлари (ва бу жараёнда оддий маданият қоидаларидан чиқиб кетганликларини ҳатто ўзлари сезмаганликлари) масаланинг бир томони бўлса, иккинчи томони – бу фуқаролар мамлакатимизда ҳозирги синовли даврда вазиятни яхшилаш борасида олиб борилаётган ишлар самарасига шубҳа ва истеҳзо билан қарашлари кишини, юмшоқ айтганда, таажжубга солади.

Таажжубки, бу икки шахс ўзлари яшаб турган мамлакатдаги ҳолатни аниқ-тиниқ билмасдан, вазиятга ўзларининг “минора”ларидан туриб баҳо берганликларидир. Кимдир, қаердадир айтган фикрга қараб хулоса қилиш ва бу хулосани ахборот воситаси орқали тарқатиш – ўзини профессионал, деб билган журналистга ярашмайди.

Сардобада амалга оширилаётган ишларни ва у ердаги аҳолининг кайфиятини билиш учун, “Oʻzbekiston 24” телеканали, Халқаро пресс-клуб, ЎзА ва бошқа ахборот воситаларининг жонкуяр журналистлари каби, ўша жойнинг ўзига бориб ишлаб кўриши, яшаб кўриши керак, одам. Сирдарёликлар билан ёнма-ён, елкама-елка туриб, уларнинг дардини ўз қулоғи билан эшитиши ва бу дардни енгиллатиш устида қилинаётган ишларни ўз кўзи билан кўриши керак, одам.

Суҳбатдошлар карантин чекловларига оид “Нега паркларда сайр қилишга рухсат бору, масжидга боришга рухсат йўқ”, деган савол атрофида ҳам “доно”лик қилганликларига кўра, уларнинг бу масалада ҳам билимлари, фаросатлари қанчалик эканлиги аён. Лекин мени яхши маънода ҳайратлантирган нарса шу бўлдики, илгари бизнинг жамоада ишлаган, ҳозир эса нодавлат телеканаллардан бирида хизмат қилаётган Хайрулла Ҳамидов бу масалада аниқ тушунтириш берди. Бу билан у ўзининг собиқ жамоадошлари – бизнинг катта ва обрўли ташкилотимизнинг ходимлари бўлган Б.Акмалов ва Ж.Бобожоновга билим, онг, маданият борасида яхшигина сабоқ ҳам бериб қўйди, деб ўйлайман.

Яна корпоратив этика масаласига қайтсам. Демократия борасида бутун дунёга намуна сифатида айтиладиган АҚШ ёки Буюк Британия оммавий ахборот воситалари, масалан, “CNN” ёки “BBC” тизимидаги бир телеканал ёки радиостанция ходими худди шу тизимдаги бошқа бир телеканал ёки радиостанция фаолиятига нисбатан танқидий (боз устига асоссиз танқидий) баҳо берса, бундай ходим “CNN” ёки “BBC” тизимидан ўша заҳоти “кузатиб” қўйилади. Унга “Сизнинг хизматингизга энди муҳтож эмасмиз” дейилади.

Хўш, бизнинг корпорациямиз (яъни компаниямиз) корпоратив этикани тан олмайдиган, ҳамкасбларининг юзига оёқ қўядиган, сиёсий ва маданий онги ҳамда профессионализми ҳаминқадар бўлган бу икки ходимнинг хизматига муҳтожми? Бу саволни Б.Акмалов ва Ж.Бобожоновларнинг виждонларига ҳавола этаман”, деган Алишер Хўжаев.

Маълумот учун, ижтимоий тармоқларда тарқалган видеолавҳада Бобур Акмалов ва Жамолиддин Бобожонов “Ўзбекистон 24” телеканали тўғрисида танқидий фикрлар билдириб, телеканалда доимий мақтовли кўрсатув ва лавҳалар, жумладан Сирдарёдаги вазият бўйича кўрсатилаётган репортажлар ҳақиқий эмаслигига шубҳа билан қаралган.