“Ўрикзор” савдо мажмуасида коронавирус инфецияси аниқланди, бозор вақтинчалик ёпилди, дея хабар бермоқда ССВ матбуот хизмати.

“Бугунги кунга қадар деҳқон бозорлари ва йирик савдо мажмуаларида ишловчи 6251 нафар фуқаро профилактик мақсадда коронавирус инфекциясига текширилди. Шу жумладан, куни кеча  “Ўрикзор“ савдо мажмуаси  МЧЖда жами 789 нафар фуқародан суртмалар олинган. Таҳлил натижаларига кўра, мазкур савдо мажмуасидаги озиқ-овқат дўконида сотувчи бўлиб ишловчи фуқарода коронавирус инфекцияси тасдиқланди.  Айни пайтда ушбу бемор билан мулоқотда бўлган барча фуқаролар ўрнатилган тартибда қатъий карантин кузатувига олинди, дейди Тошкент шаҳар Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази бош врачи Малика Қудратхўжаева.

Шунга кўра, “Ўрикзор” савдо мажмуасида эпидемиологик суриштирув ишларини ўтказиш ҳамда касаллик тарқалишининг олдини олиш, бозорда эпидемияга қарши ва профилактик тадбирларни ташкил қилиш ҳамда таъмирлаш, санитар тозалаш ва зарарсизлантириш ишларини ўтказиш мақсадида туман ҳокимлиги билан келишилган ҳолда, бозор маъмурияти томонидан савдо мажмуаси фаолияти вақтинча тўхтатилди.

Бозорда эпидемиологик суриштирув ишлари якунланиб, санитар тозалаш ва зарарсизлантириш тадбирлари амалга оширилгач, мажмуа яна ўз фаолиятини давом эттиради.