Тожикистоннинг Зарнигор шаҳрида хитойлик ишчилар исён кўтарган. Қарийб 60 нафар хитойлик ўзлари ишлайдиган “Тожикистон-Хитой тоғ-саноати компанияси“ бош қароргоҳига бостириб кирган. Бунга иккита ҳолат сабаб бўлиши мумкинлиги тахмин қилиняпти. Биринчиси, уларга ойлик иш ҳақларини бериш кечикиб кетган. Иккинчиси, мамлакатда коронавирусни юқтириш ҳолатлари кўпайиб бораётгани учун ишчилар уйларига қайтариб юборишларини талаб қилган.

Компания раҳбариятининг мигрантлар билан келишувга уриниши самара бермади. Ҳатто хитойликлар бузғунчилик ҳаракатларига ҳам қўл урганлар. Улар бош офис ва унинг яқинида турган кўплаб автомашиналарнинг ойналарини синдириб ташлашган.

Шундан сўнг ҳодиса жойига махсус кучлар етиб келиб, исёнчиларни тинчлантириш учун ҳавога қаратиб ўқ узишган. Қурбонлар ва жароҳатланганлар йўқ.
Маълумотларга кўра, компанияда ХХРдан келган 60га яқин ишчи фаолият юритади.
Ҳозирга келиб мутасаддилар ушбу воқеа юзасидан музокаралар ўтказишди. Компанияга ишчиларга охирги уч ойлик учун маошларни беришни тезлаштириш тавсия этилди.

“Тожикистон-Хитой тоғ-саноати компанияси“га 2007 йилда асос солинган бўлиб, руҳ, қўрғошин ва мис қазиб чиқариш билан шуғулланади. У Хитойнинг янги технологиялар экспорт-импорти бўйича глобал компанияси томонидан хусусийлаштирилган Олтинтопкан руда бошқармаси базасида ташкил этилган.