Наманган шаҳар Давлат хизматлари маркази бош мутахассиси Дилноза Зокирова Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 21 августдаги “Тадбиркорлик субъектларини ихтиёрий тугатиш ва уларнинг фаолиятини тўхтатиш тартиби ҳамда молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган тадбиркорлик субъектларини давлат реестридан чиқариш тартиби тўғрисидаги Низомларни тасдиқлаш ҳақида”ги 704-сонли қарори бўйича муҳим саволларга жавоб берди.

1. Тадбиркорлик субъектларини ихтиёрий тугатишда агар тижорат ташкилотининг кредиторларни талабларини қондириш учун пул маблағлари ҳамда мол-мулки етарли бўлмаса тугатиш жараёни қандай тартибда амалга оширилади?

Жавоб: Мазкур ҳолатда тугатувчи томонидан тижорат ташкилотини банкрот деб топиш тўғрисида иқтисодий судга мурожаат қилиниши лозим.

2. Ихтиёрий тугатиш тўғрисидаги қарор нусхасини бошқа ташкилотга ҳам бераманми?

Жавоб: Хизмат кўрсатувчи банкка ва хорижий валютадаги маблағлари жамланадиган банкка.

3. Корхонамни харакатсиз холатга тушганлиги тўғрисида Давлат хизматлари марказидан алоқа хати келди. Бу нима?

Жавоб: Корхонанинг тўққиз ой мобайнида банк ҳисобварақларига пул маблағлари тушмаганлиги ҳамда солиқ ҳисоботлари тақдим этилмаганлигингиз сабабли ҳаракитсиз холатга тушгансиз.

4. Корхонани тугатилганлиги тўғрисида қарордан Давлат солиқ хизматига бераманми?

Жавоб: Йўқ. Рўйхатдан ўтказувчи орган уч иш куни ичида солиқ, статистика ва Халқ банкининг тегишли тартибда хабардор қилади.

5. Корхонани қанча муддатда тугатиш ишларини якунлашим керак?

Жавоб: Умумий муддати олти ойдан ошмаслиги керак.

6. Корхонада тугатиш ишлари якунланди нима ҳужжатларни тақдим этаман?

Жавоб: Қуйидаги ҳужжатларни тақдим этасиз.

-тижорат ташкилотининг барча ҳисоб варақлари ёпилганлиги тўғрисида хизмат кўрсатувчи банкларнинг маълумотномалари;

-тижорат ташкилотининг муҳр ва штамплари (агар мавжуд бўлса);

-ваколатли орган томонидан чиқарилган қимматли қоғозларни бекор қилиш тўғрисидаги маълумотнома (агар мавжуд бўлса);

-тижорат ташкилоти ҳужжатларининг давлат архивига топширилганлигини тасдиқловчи маълумотнома (давлат рўйхатидан ўтказилган вақтдан бошлаб молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаган тижорат ташкилотлари бундан мустасно).

7. Неча кунда тугатилганлиги тўғрисида ҳужжатни оламан?

Жавоб: Уч иш кунида.

8. Давлат Солиқ хизмати томонидан неча кунда текширишга чиқади?

Жавоб: Солиқ органи томонидан уч иш куни текширишга киришади ва унинг муддати ўттиз календарь кундан ошмаслиги белгиланган.

9. Корхонанинг ихтиёрий тугатишнинг умумий муддати қанча муддатни ташкил этади?

Жавоб: Рўйхатдан ўтказувчи орган ихтиёрий тугатиш тўғрисида хабардор қилинган кундан бошлаб олти ойдан ошмаслиги керак.

10. Тижорат ташкилотини ҳаракатсиз ҳолатга ўтказилганлиги тўғрисида ким хабардор қилади?

Жавоб: Рўйхатдан ўтказувчи орган уч иш кунида корхонанинг муассисларига (қатнашчиларига) Тизимда тижорат ташкилотининг ҳаракатсиз ҳолатга ўтказилганлиги тўғрисида хабарнома юборади.

11. Оралиқ баланси ким томонидан тузилади?

Жавоб: Корхона муассислари ёки иштирокчилари томонидан тузилади.