Аввалроқ, Бош прокуратура “Сардоба” сув омбори билан боғлиқ жиноят иши бўйича икки шахс гумонланувчи тариқасида ишга жалб қилиниб, уларга нисбатан “қамоққа олиш” эҳтиёт чораси қўлланилгани ҳақида хабар берган эди.

Сирдарё вилоятидаги “Сардоба” сув омбори билан боғлиқ жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Ҳозирда жиноят иши бўйича 2 нафар шахс гумонланувчи тариқасида ишга жалб қилиниб, уларга нисбатан “қамоққа олиш“ эҳтиёт чораси қўлланилди.

Иш бўйича ҳақиқатни аниқлашга тўсқинлик қилиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида бошқа тафсилотлар ошкор қилинмайди. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.”, дейилган эди Бош прокуратура матбуот хизмати хабарида.

Газета.uz”нинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидаги манбасининг маълум қилишича, гумонланувчилар орасида 2018 йил 21 сентябрдан буён “Ўзбекистон темир йўллари” компанияси қошидаги “Сардоба” сув омбори объектларидан фойдаланиш ва ривожлантириш дирекцияси бошлиғи 1987 йилда туғилган Жиззах вилоятининг Зарбдор туманида туғилган Фаҳриддин Данабоев ҳам бор. У Жиноят кодексининг 207-моддаси (мансабга совуққонлик билан қараш) 3-қисми “а” бандида кўрсатилган жиноятни содир этганликда гумонланмоқда. Фаҳриддин Данабоев 19 май куни ҳибсга олинган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ сув омбори тўғонининг бузилиши бўйича олиб борилаётган жиноий иш доирасида 4 та асосий тергов тахмини мавжудлиги хабар қилинган бўлиб, улар:

лойиҳалашдаги хатоликлар;

қурилиш меъёрларига риоя этмаслик;

эксплуатация жараёнидаги хатоликлар;

табиий офат.

Маълумот учун, Халқаро пресс-клубнинг 16 май куни Сардобадаги фалокатга бағишланган сессиясида “Сардоба” сув омбори объектининг пудратчиси “Сирдарёсувқурилишинвест” ДУК, яъни собиқ Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги “15-чи сонли қурилаётган объектлар бирлашган дирекцияси” бўла туриб, бош пудратчи сифатида “Ўзбекистон темир йўллари” АЖга қарашли “Ўзтемирйўлқурилишмонтаж” УК қатнашганлиги ва қурилиш ишларига 28 та суб-пудратчи жалб қилинганлиги маълум бўлганди.

“Лойиҳачи сифатида “Узгип” МЧЖ иштирок этган. Лойиҳа қиймати 1,2 трлн сўмни ташкил қилган. Молиялаштириш манбаи бюджет маблағлари ҳисобидан бўлган”, деган эди Бош прокуратура вакили Ҳаёт Шамсутдинов.

Маълум бўлишича, жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатларини ҳар томонлама тўлиқ ва холисона олиб бориш мақсадида ДХХ ҳамда ИИВнинг малакали ва тажрибали ходимларидан иборат тезкор тергов гуруҳи ташкил қилинган.

Тергов тахминларини текшириш мақсадида, дастлабки тергов давомида жами 170 нафардан зиёд шахслар тергов гуруҳи аъзолари томонидан гувоҳ тариқасида сўроқ қилиниб, сув омборини лойиҳалаштириш, унинг қурилиши ва эксплуатация қилиш жараёнлари тўғрисида кўрсатмалар олинди. Жиноят иши доирасида 10 тадан ортиқ экспертиза лаборатория таҳлилий тадқиқотлар тайинланган.

Айни вақтда сув омбори тўғони, лойиҳага мос равишда қурилгани, эксплуатация қоидаларига риоя этилгани, ҳисоботда акс эттирган эксплуатация харажатлари ва уларнинг ишлари ҳақиқатдан ҳам бажарилганлиги, молиявий хўжалиги ҳисоботлари тўғри бажарилганлиги текширилмоқда. Бундан ташқари, жиноят иши бўйича 25 тадан зиёд тегишли соҳадаги юқори малакали мутахассислар жалб қилинган бўлиб, ҳозирда тадқиқотлар олиб борилмоқда. Бунда, гидротехника иншоотларни қуриш ва эксплуатация қилиш соҳадаги мутахассисларни жалб қилган ҳолда бутун тўғон, ички ва ташқи томони кўздан кечирилиб, унинг фаолиятига эҳтимол таъсир қилиши мумкин бўлган ҳолатлар ҳам ўрганилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 1 май куни эрталаб Сирдарё вилоятидаги Сардоба сув омборида тўғон ўпирилиш содир бўлди. Сув тошқини натижасида Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларидаги аҳоли пунктлари ва экинларга зарар етди. Бинолар, йўллар, коммуникациялар вайрон бўлди. Учта тумандаги 22 та қишлоқдан 60 мингдан ортиқ аҳоли эвакуация қилинди. 6 киши ҳалок бўлди, уларнинг бири Миллий гвардия ходими бўлса, яна бир Миллий гвардия ходими мана 22 кундан бери қидирилмоқда.

Шунингдек, “Газета.uz” очиқ маълумотлар ва ахборот манбалари асосланиб “Ўзбекистон темир йўллари” қошидаги “Ўзтемирйўлқурилишмонтаж” корхонаси Сардоба сув омбори қурилишида бош пудратчи бўлганини ҳамда гидроиншоот қиймати 1,3 трлн сўмни (404 млн доллар) ташкил этганини аниқлаган.