Пандемия фонида дунёдаги йирик IT-компанияларнинг капитализация қиймати рекорд даражада кўтарилди

АҚШнинг энг йирик бешта технологик корпорацияси — Microsoft, Apple, Amazon, Alphabet ва Facebook’нинг умумий бозор капитализация қиймати рекорд даражага кўтарилиб, 5,6 триллион долларга етди. Бу ҳақда «Коммерсант» хабар берди.

Қайд этилишича, мазкур компанияларнинг акциялари нархи март ойида бошқа компанияларники каби тушиб кетган. Шундан сўнг уларнинг нархи ошиб, инқирозгача бўлган кўрсаткичдан ҳам юқорига кўтарилди.

Март ойидаги нархлар қулашидан кейин мазкур компанияларнинг умумий капитализацияси 1,7 триллион долларга ёки 43 фоизга ўсган. Бу эса АҚШ компаниялари ўсишининг ўртача кўрсаткичидан юқори ҳисобланади. Ўртача кўрсаткич 33 фоизни ташкил қилган.

Шу туфайли S&P 500 биржаси индексидаги компаниялар умумий капитализациясида технологик гигантларнинг улуши ошган ва улар мазкур биржадаги компаниялар умумий қийматининг 24 фоизини ташкил қилмоқда. Бу эса инқирозгача бўлган даврдаги кўрсаткичдан уч фоиз юқори ҳисобланади.