Эрон Президенти Ҳасан Руҳоний бугун АҚШни ўзининг Венесуэлага кетаётган нефть танкерлари билан бирор нохуш ҳодиса содир бўлса, унга нисбатан ҳам шундай тадбирлар қўлланилиши билан огоҳлантирди. Бу ҳақида Эрон ахборот нашрларидан бўлган Меҳр хабар беради.

Қатар амири билан телефон орқали бўлган мулоқот чоғида Руҳоний шундай дейди: “Агар бизнинг Венесуэлага кетаётган кемаларимиз билан Кариб ҳавзасида ёки дунёнинг бошқа бирорта ерида АҚШ билан боғлиқ кўнгилсизлик содир бўлса, улар ҳам муаммо ичида қолади”.

5 кемадан иборат флотилия ёқилғи учун маҳсулотни Кариб денгизи орқали Венесуэлага етказиб беришни мақсад қилган. Хабарда келишича, якшанба куни кемалар Венесуэла соҳилларида бўлади.

“Эрон ҳеч қачон можаро бошлашга интилмайди”, — дейди Руҳоний. “Биз ҳар доим суверенитетимиз ва ҳудудий яхлитлигимизни ҳимоя қилиш ва миллий манфаатларимизни муҳофаза қилиш ҳуқуқига эгамиз. Умид қиламизки, америкаликлар хатоликка йўл қўйишмайди”.

Сал аввал АҚШ томони Эрон ҳарбий денгизчиларини Форс ва Уммон кўрфазларида яна ҳарбий амалиётлар бошлаганларида огоҳлантирган эди.