Тошкент шаҳридаги Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш маркази ўз ишини якунлади. Бу ҳақда пойтахт ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, марказ фаолияти давомида (1 апрелдан 20 май кунигача) ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалардан жами 84 636 та мурожаат келиб тушган. Шундан 65 431 таси «1197» ягона call-марказ рақамига, 16 747 таси маҳаллалар тавсиясига кўра, 2458 та мурожаат эса ижтимоий тармоқлар орқали келиб тушган.

Уларга 40 хилдаги 941 тонна 570 килограмм, 148 769 литр, 166 274 қадоқ жами 11,6 миллиард сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари, шунингдек, 137,9 миллион сўмлик 3201 турли хил дори воситалари ёрдам тариқасида тарқатилган.

Эслатиб ўтамиз, якка тартибдаги хайрия акциялари давомида коронавируснинг тарқалиш хавфи юқори деб топилгани сабабли 1 апрель куни Республика махсус комиссиясининг қарори билан якка тартибда хайрия тадбирларини ўтказиш вақтинча тақиқланиб, унинг ўрнига Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳузуридаги Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш маркази ташкил қилинганди.