Аввалроқ, ЎзПФЛ собиқ директори Даврон Шоқурбонов ўз аризасига кўра лавозимидан озод этилганди. Унга ўринбосар сифатида фаолият олиб бораётган Диёр Имомхўжаев номзоди тавсия қилинди.

Имомхўжаев вақтинчалик ушбу лавозимда фаолият юритади. Ушбу хабар айни вақтда расман тасдиқланмаган бўлсада, EFFECT.UZ мухбири расмий ташкилотдаги манба орқали Диёр Имомхўжаевнинг ЎзПФЛда директор лавозимида иш бошлаши ҳақида маълумотга эга бўлди.

Маълумот учун, 30 ёшли футбол мутахассиси 2017 йилдан бери ПФЛда ишлаб келади. У дастлаб ташкилот директори маслаҳатчиси, кейинчалик директор ўринбосари этиб тайинланганди.

Асли журналист ҳисобланган Диёр Имомхўжаев ҳозирги вақтда “Futbol TV” телеканалида шарҳловчи бўлиб ишлайди.

Унинг аввалги ишларидан “Соккер клуб” лойиҳаси мухлислар орасида илиқ кутиб олинган. “Sport TV” каналидан кетганидан сўнг, Диёр Имомхўжаев “Championat.asia”, “Daryo” интернет нашрларида ҳамда “Erudit Sport” газетасида ўзбек футболи ҳақидаги мақолалари, танқидий чиқишлари билан халқ меҳрини қозонган.