Видео: Хитой смартфони пластик ва кийим орқали кўриш имконини бериши аниқланди

Reddit ижтимоий тармоғи фойдаланувчилари Хитойда ишлаб чиқарилувчи OnePlus 8 Pro смартфони камераси баъзи буюмлар ичидаги нарсаларни кўришга имкон берувчи яширин функцияга эгалигини аниқлашди.

Бу ҳақда The Verge нашри хабар берди. 

Янги смартфонда фойдаланувчилар аввал бирор жойда эълон қилинмаган функцияни аниқлашди. Қурилманинг 5 Мпли қўшимча камераси одам кўзига кўринмайдиган инфрақизил нурланишни илғай олиши маълум бўлган. Бу нурланиш баъзи буюмлар ичини кўриш имконини беради. Бу жиҳат аниқлангач, фойдаланувчилар “эрмак қилиб”, рентген нури каби ишловчи ушбу режимни турли буюмларда синай бошлашган ва интернетда бунинг кўплаб намуналари пайдо бўла бошлаган.

Гап шундаки, инфрақизил нурланиш инсон кўзи кўрадиган ёруғлик нуридан фарқли, баъзи материаллар орқали ўта олади. Шу тамойил асосида тунги кўриш қурилмалари ва тепловизорлар ишлайди.

Таъкидлаш жоиз, кўплаб замонавий смартфонларнинг флагман моделларида шундай йўсинда қўллаш мумкин бўлган инфрақизил сенсорларни учратиш мумкин.

Смартфон камерасининг бу имкониятга эга фотохром фильтри ишлашини латвиялик блогер Бен Гескин ўз видеосида яққол намойиш қилди. У бу функцияни ТВ-приставкада қўллаб кўрган ва айтиш керакки, натижа ҳайратлантирмай қолмайди. Видеода блогер камерани усти пластикдан ишланган қора рангли приставкага йўналтирганда унинг ичидаги деталларни кўриш мумкин бўлган.

“OnePlus 8 Pro камераси фотохром фильтри баъзи пластик буюмлар ичидагиларни кўра олади. Бу Oculus Quest учун контроллёр мисолида шундай кўриниш олади”, деб ёзган у бошқа бир видеода.

Бошқа фойдаланувчилар ҳам корпуси юпқа пластикдан ишланган буюмлар ва гаджетларнинг, мисол учун, телевизор пультининг смартфонда олинган суратлари ва видеолари билан бўлишишган.

Бу орада AndroidPIT портали мухбирлари ушбу фильтр ёрдамида қора рангдаги футболка остидаги ёзувни кўра олишган.

“У кола ва вино орқали ҳам кўра олади”, деб ёзган яна бир фойдаланувчи.

“Мен бу постни ўқигандан кейин ушбу режимда яна нимани суратга олиш мумкинлигини излаб ақлдан озмоқдаман”, деб ҳайратини яшира олмаган бошқа бир фойдаланувчи.

Шундан кейин камера баъзи ҳолатларда кийим орқали “кўра олиши” ҳам мумкинлиги ҳисобга олиниб, шахсий дахлсизлик масаласи кўтарилган. Таъкидланишича, 1990-йилларда Sony компанияси мато орқали кўриш имконини берган тунги кўриш фильтрига эга видеокамералари сабабли можаро марказида қолиб, ушбу қурилмаларини бозордан қайтариб олишига тўғри келган.

Шу сабабли OnePlus компанияси ҳам ўзининг янги смартфонида “рентген” режимидан воз кечишга қарор қилди. Компаниянинг Weibo ижтимоий тармоғида маълум қилишича, ушбу функция смартфонда бир ҳафта ичида чиқариладиган дастур ёрдамида ўчириб қўйилади.

OnePlus компанияси ушбу смартфонини апрель ўрталарида тақдим қилганди. Таъкидланишича, қурилманинг нархи 899 доллардан бошланади.