YouTube каналининг Android ва iOS учун мўлжалланган янги функцияси пайдо бўлади. Энди фойдаланувчиларга ухлаш вақти бўлгани ҳақида хабар юборилади.

Бу ҳақда компания блогида маълум қилинган.

Охирги икки йилда YouTube янги функциялар туркумини ишга туширди. Хусусан, шу орқали фойдаланувчилар видео кўришга сарфлайдиган вақтларини назорат қилиш, хоҳишига қараб уни тўғрилаш имкониятига эга бўлдилар.

Мисол учун, видео кўришни тўхтатиш пайти келганини эслатиб турадиган функцияни ёқиб қўйиш мумкин. Янги видеолар ҳақидаги хабарларни олиш учун маълум вақтни белгилаш қулайлиги ҳам яратилди.

Яқиндан бошлаб эса Android ва iPhone мобиль қурилмалари учун YouTube иловаларида яна бир функция пайдо бўлади. У ҳам бўлса видео кўриш вақтини қисқартиришга хизмат қилади ва ухлаш пайти келганини эслатади.

Бундай эслатмаларни олиш вақтини иловаларнинг созламалари(настройкаси)га ўрнатиш мумкин. Шу ҳақида хабар келгандан кейин, уни қабул қилиш, рад этиш ёки маълум муддатга кечиктириш мумкин. Худди, “будильник“ каби.

Мазкур функция қандай ёқилади:

YouTube иловаси очилади.

Созламаларнинг “Хабардор қилиш“(“Оповещения”) бўлимига ўтилади.

“Ухлаш вақти келганини менга эслатиш“ функциясини ёқиш.

Эслатишнинг бошланиш ва тугаш вақтини ўрнатиш.

Бундан олдин Twitter модерациянинг янги воситаларини тажриба қилиб кўраётгани ҳақида хабар берилган эди. Унга кўра, ижтимоий тармоқ ўз фойдаланувчиларидан зиддиятга олиб келувчи твитни жўнатишдан олдин яна бир бор ўйлаб кўришни сўрайди.