Лайлатул Қадр – “белгилаш кечаси”, яъни йил давомида қилинадиган турли амаллар, топиладиган ризқ, бир сўз билан айтганда тақдирлар белгиланадиган кечадир.

Кечанинг қандай аломатлари бор? Унда қайси дуоларни ўқиш керак ва уни қандай ўтказиш керак?

Бу саволларга Тошкент шаҳар, Шайхонтоҳур тумани, “Хўжа Аламбардор” масжиди имом-хатиби Одилхон қори Юнусхон ўғли шундай жавоб берди:

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу кечани қандай ўтказар эдилар? Ойша онамиз розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазоннинг охирги ўн кунлиги келса, кечалари ухламасдилар ва уйдагиларни ҳам ибодат қилишга уйғотар эдилар” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

Бу кеча қандай амалларни адо этиш лозим?

1. Хуфтон ва бомдод намозларини жамоат билан ўқинг. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким хуфтон намозини жамоат билан ўқиса, гўё кечанинг ярмини бедор ўтказибди. Ким бамдод намозини жамоат ила адо қилса, гўё кечанинг барчасида намоз ўқибди”, деганлар (Имом Муслим ривояти).

2. Дуо қилинг. Оиша онамиз розияллоҳу анҳо: “Ё Расулуллоҳ агар Қадр кечасини топишга муваффақ бўлсам нима деб дуо қилай?” деб сўрадилар.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу дуони ўқишни айтдилар:

اللَّهُمَّ إِنَّكَ عَفُوٌّ كَرِيمٌ تُحِبُّ الْعَفْوَ فَاعْفُ عَنِّي

“Аллоҳумма иннака аъфуввун кариймун туҳиббул аъфва фаъфу аънний“

“Аллоҳим, албатта, Сен кечиргувчисан, кечиришни яхши кўрасан. Гуноҳларимни кечиргин“ (Имом Термизий ривояти).

Муҳими, бу кечани ибодат, зикр, тиловат, хайру эҳсон ва бошқа яхши амаллар билан ўтказиш лозим.

Бу кеча гуноҳлар мағфират этилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Лайлатул Қадр кечасини имон ва ихлос билан бедор ўтказса, унинг шу кечагача содир этган барча гуноҳлари мағфират қилинади”, деганлар (Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Термизий ривояти)

Палов, ширгуруч тарқатиш урф-одатларимизга зидми? Бунга сиз нима дейсиз?