Буюк Британиянинг Стивенеж шаҳрида яшовчи одамлардан бири карантин пайтида снайперлар каби ниқобланиб кўчага чиқди. У худди юриб кетаётган бутага ўхшарди. Мазкур ҳодиса гувоҳи бўлган ёш жуфтлик уни тасвирга олиб тарқатишга ҳам улгурди, деб ёзади New York Post​.

Гап шундаки, Николас Мюррей ва Мэдлин Мэй-Дэвис қўшнисининг ушбу ғаройиб қоидабузарлигини видеога тушириб, роликни TikTok тармоғига жойлаштиришган. Уни қисқа вақт ичида 700 мингдан ортиқ одам томоша қилган.

Роликдан кўриш мумкинки, бутасимон “кийиниб олган” шахс гоҳ чопиб-чопиб, гоҳида эмаклаб манзилига етиб борган.

Бироз вақтдан сўнг юрадиган “бута” қўлида пакети билан яна пайдо бўлади. Демак, у ташқарига шунчаки эмас, балки қорин ғамида чиққан, деган хулосага келиш мумкин.