Жорий йилнинг 13 май куни Effect.uz интернет-нашри ходими Ғиёсбек Эшов билан Фарғона вилояти Қува туманида содир бўлган ҳодиса ижтимоий тармоқларда кескин муҳокамаларга сабаб бўлди.

Ҳодиса кечки соат 19:00 га яқин Effect.uz мухбири Элёр Тожибоев ҳамда оператор Ғиёсбек Эшов Қува тумани ҳокимлиги биносидан чиқиб, Фарғона шаҳрига қайтаётган вақтда содир бўлган. Интернет-нашр ходимлари туман ҳокимиятга ногирон аёлнинг мурожаатини ўрганиш мақсадида изоҳ олиш учун боришган эди.

Ҳокимият биносида жанжал ёки зиддиятли ҳолатлар кузатилмаган. Кўп йиллардан бери ечими топилмаган муаммо юрист-журналист Элёр Тожибоевнинг олиб борган журналистик суриштируви натижасида ногирон аёл фойдасига қондирилаётган эди. Ҳокимият вакиллари эса бундан норози кайфиятга тушиб қолган. Ҳатто норозилик кайфияти ОАВ ходимларини “камера кўтарган маймунлар” дея ҳақорат қилиш даражасигача етиб борган.

Бу билан Effect.uz ходимига қилинган ҳужум ҳокимият “буюртмаси” бўлган дейишдан йироқ… Юқорида шунчаки, ҳодисагача бўлган жараёнлар тафсилотини келтириб ўтдик. Мазкур иш кимга керак бўлгани, кимнинг буюртмасига кўра содир этилгани атрофида айланаётган миш-миш, тахминларга воқеалар жараёнини назоратга олган Бош прокуратура ҳамда ИИО ходимларининг оқилона хулосасидан сўнг якун ясалади деган умиддамиз.

Операторнинг шахсий машинасини тош билан уриб, синдирган, кўзига ёшлантирувчи суюқлик модда сепиб, машинада бўлган таҳририят мулки – видеокамерани олиб қочиб, устига-устак видеокамера флеш-картасида мавжуд бўлган ҳокимият биносида ёзиб олинган видеолавҳаларни ўчириб юборишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ эди…

Воқеанинг кичик “қаҳрамонлари” бўлган 4 нафар шахс ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ўша куннинг ўзида қўлга олинди. Мазкур ҳолат бўйича У.Исмоилов, О.Азалиев, М.Хусанов ва С.Раимжоновларнинг ҳаракатларида талончилик, яъни бир гуруҳ шахслар томонидан олдидан тил бириктириб, ўзганинг мулкини очиқдан-очиқ талон-торож қилиш жиноят аломатлари мавжудлиги сабабли уларга нисбатан 14 май куни ИИБ ҳузуридаги ТБ томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг166-моддаси 2-қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилди ва О.Азалиев, М.Хусанов ва С.Раимжоновлар ЖПКнинг 221-моддаси тартибида ушлаб турилибди. Ушбу шахсларнинг икки нафари Қува тумани, яна икки нафари Андижон вилояти Асака туманидан.

Маълумот учун, EFFECT.UZ ходими билан содир бўлган нохуш ҳолат Ўзбекистонда 20 га яқин интернет-нашрларда ёритилди. Телеграм мессенжерида 50 га яқин каналларда тарқалди, бундан ташқари, блогер, журналистлар ўз саҳифаларида ҳодиса билан улашдилар. Шунингдек, жаҳон оммавий ахборот воситалари ҳамда ноҳукумат ташкилот “Human Rigts Watch” (“Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси”) ҳам ҳодисани журналистга уюштирилган ҳужум сифатида эътибордан четда қолдирмади.

Қуйидаги видеода EFFECT.UZ интернет-нашрининг Фарғонадаги мухбири Элёр Тожибоев ҳамда жабрланувчи сифатида қайд этилган оператор Ғиёсбек Эшов бошидан ўтказганлари ҳақида блогер Машҳур Назаровга маълумот берган:

Эслатиб ўтамиз: ушбу видеоинтервью ҳодиса содир бўлган кун – 13 май тунда ёзиб олинган.

Тезкор: EFFECT.UZ ходими Фарғонада жиддий ҳужумга учради

“Кўзига газ сепиб, машинанинг ойнасини синдиришган, калтаклаб, видеокамерани олиб қочишган” – EFFECT.UZ мухбири ҳодиса тафсилотларини айтиб берди

Бош прокуратура EFFECT.UZ ходими билан боғлиқ нохуш ҳодисани назоратга олди

“Ҳеч қандай алоқамиз йўқ” – Қува ҳокимлиги EFFECT.UZ ходими билан содир бўлган ҳолатдан ўзини соқит қилди

EFFECT.UZ ходимига ҳужум қилган 4 кишилик “мафия”га нисбатан жиноят иши очилди

EFFECT.UZ ходими билан содир бўлган нохуш ҳодисани 19 та интернет-нашр ва 30 га яқин телеграм каналлар ўз саҳифасида ёритди​

Қувалик ва асакаликлар: EFFECT.UZ ходимига ҳужум қилган шахслар кимлиги айтилди (тўлиқ тафсилот)