Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида ҳокимият вакили ва ИИБ ҳодими ҳужумга учради. Бу ҳақда Сурхондарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати хабар бермоқда.

Шеробод тумани ИИБ навбатчилик қисмининг 2020 йил 14 май куни соат 21:00 ларда берган хабарига кўра, Шеробод тумани, “Балхигузар” маҳалласида яшовчи Деваров Боқи Ўзбекистон Республикасида ўрнатилган карантин қоидалари ҳамда Президентнинг 2020 йилнинг 20 апрель кунидаги ПҚ-4687-сонли “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида”ги Қарорига мувофиқ карантин давом этаётганлиги муносабати билан республиканинг барча ҳудудида “Таровеҳ намози” ҳамда ифторликларни қўни-қўшниларисиз ҳамда қариндош-уруғларисиз ўтказилиши кўрсатилишига қарамай, 2020 йилнинг 14 май куни, Шеробод тумани “Балхигузар” маҳалласида яшовчи фуқаро Деваров Боқи ўзининг яшаш хонадонида ўғиллари И.Деваров, Э.Деваровлар билан биргаликда қариндош-уруғлари ва қўни-қўшниларини уйларига тўплаб, ифторлик ўтказаётганлиги тўғрисида тезкор маълумот келиб тушади.

Шунга асосан, Шеробод тумани Ички ишлар бўлими, туман Давлат хавфсизлик хизмати бўлими ҳамда “Балхигузар” маҳалласи раиси ҳамда профилактика инспекторлари билан биргаликда соат 20:30 ларда Д.Б.нинг яшаш манзилига борилганида, ҳақиқатдан ҳам Деваров Боқи яшаш уйида 30 нафар шахсларга ифторлик ўтказаётганлиги аниқланади.

Шундан сўнг, Шеробод тумани Ички ишлар бўлими ходимлари томонидан Деваров Боқи ва унинг оила-аъзоларига карантин давом этаётганлигини тушунтириб, уларга ифторлик ўтказиб, жамоат бўлиб, “Таровеҳ намози”ни ўқиётганлиги юзасидан карантин қоидаларини қўпол равишда бузганлиги учун маъмурий тартибда ҳужжатлар расмийлаштирмоқчи бўлган.

Шунда Деваров Боқининг оила-аъзолари ва ифторликка ташриф буюрган қариндошлари томонидан Ички ишлар бўлими ходимларига нисбатан фаол қаршилик кўрсатилиб, улар қўлларидаги нарса ва буюмлар билан ура бошлаганлиги ҳамда Шеробод тумани Ички ишлар бўлими Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси таянч пункти профилактика инспектори М.Холиқов бошқарувидаги “Тико” русумли автомашинага тошлар отиб, автомашинанинг ойналарини синдириб, шикаст етказишган.

Натижада, ушбу жанжал жараёнида профилактика инспектори “бўйин ва чап қўл билак соҳаси тирналиб шилиниши” каби тан жароҳати олган.

Мазкур ҳолатдан сўнг, воқеа жойига Шеробод туман ИИБ “Тергов-тезкор гуруҳи” ходимлари борганида, уларга ҳам Деваров Боқининг фарзандлари ва қариндошлари, набиралари фаол қаршилик кўрсатишда давом этиб, туман ИИБ “Навбатчилик қисми”га тегишли “Дамас” русумли автомашинанинг ҳам ойна ва кузовларига арматура ҳамда тошлар билан уриб, мазкур автомашинага ҳам шикаст етказади.

Воқеа жойига туман ИИБ раҳбариятидан масъул бўлиб, “Тергов-тезкор гуруҳи” таркибида келган, Шеробод тумани ИИБ бошлиғининг ўринбосари майор Ў.Шукуровга, ҳам “ўнг қўл билак пастки учлиги шилинган жароҳатланиши” каби тан жароҳати етказилади.

Шундан сўнг, воқеа жойига Cурхондарё вилояти Ички ишлар бошқармаси Тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбарлик отряди, Патруль-пост хизмати ва Жамоат тартибини сақлаш бошқармаси Патруль-пост хизмати батальони ходимларидан иборат қўшимча куч чақирилиб, улар ёрдамида Б.Деваровнинг яшаш хонадонига борилганида, фуқаро Деворов Эргаш 1,5 метр узунликда бўлган арматура бўлаги билан тўсатдан, Сурхондарё вилояти ИИБ ТВБСО ходими катта сержант Ш.Собировнинг бош қисмига уриб, ўрта оғир даражадаги каби жароҳат етказган.

Шунингдек, ушбу жанжал вақтида Сурхондарё вилояти ИИБ ТВБСО ходими кичик сержант А.Қаршиев ҳам турли тан жароҳатлари билан, Шеробод тумани Тиббиёт бирлашмасига ётқизилган.

Ҳодиса содир бўлган вақтда лейтенант М.Холиқов, майор Ў.Шукуров, катта сержант Ш.Собиров ва кичик сержант А.Қаршиевлар хизмат вақтида, хизмат кийимида, ҳушёр ҳолда бўлган.

Мазкур ҳолат юзасидан, 2020 йилнинг 15 май куни Шеробод туман прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 219-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Юқорида қайд этилган ҳодиса тафсилотлари ҳақида эса қўшимча равишда маълум қилиб борилади.​