Туркий тилли халқларнинг таниқли санъаткорлари Ҳулкар Абдуллаеванинг «Пақа-пақ» қўшиғини Zoom орқали биргаликда ижро этди

«Хива – 2020 йилда туркий дунёнинг маданият пойтахти» деб эълон қилингани муносабати билан туркий тилли давлатларнинг таниқли санъаткорлари хонанда Ҳулкар Абдуллаеванинг «Пақа-пақ» қўшиғини биргаликда ижро этди. Бу ҳақда маданият вазири Озодбек Назарбеков хабар берди.

Қозоғистон, Қирғизистон, Татаристон, Туркманистон, Туркия, Қрим, Молдова, Кабарда-Балкария, Ўзбекистон санъаткорлари Zoom орқали бир жойга тўпланиб, Ҳулкар Абдуллаевага жўр бўлиб, «Пақа-пақ» қўшиғини куйлаган.

«Кўҳна Хива юртимизга хорижлик сайёҳларни энг кўп жалб этувчи қадимий шаҳарлардан бири. Хоразм заминининг гўзал ва навқирон бу гўшаси 2020 йилда турк дунёси маданияти пойтахти мақомига сазовор бўлди. Бу бизлар учун фахр ва ифтихор туйғусидир.

Мозий саҳнасида не-не истилоларга бўйин эгмаган Хива, ҳамон сервиқор кўринишини йўқотмаган ва унинг довруғи бутун дунёга тарқалмоқда.

‘Хива – 2020 йилда туркий дунёнинг маданият пойтахти’ деб эълон қилингани муносабати билан барча қардош туркий халқларнинг таниқли санъаткорлари биргаликда қўшиқ куйлашди.

Бугунги синовли кунларда ижро этилган ушбу қўшиқ дунё халқларини қалбан янада яқинлаштиради», — деб ёзади Озодбек Назарбеков.