Ўзбeкистондаги туркияликлардан сардобадаги сув тошқини оқибатларини бартараф этиш учун муҳим ёрдам берилди. Бу ҳақда Туркиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси Матбуот маслаҳатчиси Давут Гази Бенли EFFECT.UZ ахборот агентлигига маълум қилди.

“Сирдарё вилоятидаги Сардоба тўғони фалокати туфайли оғир аҳволда қолган қардошларимизга ёрдам мақсадида, Ўзбекистондаги турклар ва турк тадбиркорлари, Ўзбекистон ва Туркия ишбилармонлар уюшмаси (UTID) ва Туркиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳамкорлигида “Туркиядан саломлар! Сардоба, биз биргамиз!” деб номланган жамғарма фалокатнинг дастлабки куниданоқ ташкил қилинган эди”, дейилади хабарда.

Бугунги кунга келиб жамғармада 686,500,000 сўм ва 10,300 АҚШ доллари миқдорида ёрдам пули йиғилган. Ушбу маблағ Ўзбекистон ҳукумати томонидан Сардоба учун очилган расмий ҳисобга ўтказилган.

Ация давом этмоқда ва келгусида йиғиладиган моддий ёрдам такрор эълон қилиниб, расмий ҳисоб рақамига ўтказилади.

“Ўзбекистонда яшайдиган турклар ҳар қандай вазиятда ҳар доим Ўзбекистонлик биродарларимизга далда бўлишда давом этадилар”, дея қўшимча қилинади хабарда.

Маълумот учун, 1 май куни Сирдарёнинг Сардоба туманида рўй берган сув тошқини оқибатида атрофдаги ҳудудлардан, жумладан Оқолтин ва Мирзаобод туманларидан ҳам жами 90 мингга яқин киши эвакуация қилинди.

Сув Қозоғистон жанубига кириб бориши туфайли Туркистон вилояти Мақтараал туманида 10та қишлоқни сув босди ва хавфли ҳудудлардан 30 мингдан ортиқ киши кўчирилди. Тошқин оқибатида, Миллий гвардиянинг бир нафар ходими сувда оқиб ҳалок бўлди, яна бири айни вақтда қидирилмоқда.

Facebook Comments