Куни кеча ижтимоий тармоқларда том устида дарс ўтаётган ўқитувчи акс этган видео тарқалди. Аниқланишича ушбу муаллима онахон Фарғона вилоятининг Марғилон шаҳри Йўлдошобод шаҳарчасидан.

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги вазиятни ўрганиб, муаммони бартараф этиш чораларини кўраётганини маълум қилди. Халқ таълим вазирлиги эса касбга садоқати учун ўқитувчига миннатдорлик билдирган.

Телеграмдаги “Холис фикр” канали муаллифи АКТ вазирлиги ушбу ҳолатдан уялиши кераклигини таъкидлаб ушбу постни ёзиб қолдирди.

“Том устида дарс ўтаётган фарғоналик ўқитувчини кўриб, хўрлигим келиб кетди. Худди ярамга туз сепгандай бўлди, ўзи ҳам. АКТ ривожлантириш вазирлигининг гапини қаранг, муаммони бартараф этиш чораларини кўраётган эмиш.

Ҳали интернет тезлигини фалончага оширамиз, ҳали нархини писмадончага туширамиз, дея қоп-қоп ваъда бериб, халқни алдашдан нарига ўтмаётган бу вазирлик озгина уялса бўларди. Мени бу муаммони қачон ҳал этиши жуда-жуда қизиқ. Ахир, у фақат Фарғонага тегишли эмас, бутун Ўзбекистоннинг дарди-ку?!

Карантин АКТчиларнинг асл башарасини кўрсатиб қўйди. Билиб олдик, соҳада хизмат кўрсатиш даражаси-ю, имконият қанақа эканлигини. Биз бўлса, бундан бехабар рақамли иқтисодиётга ўтиш, масофавий таълимни ривожлантиришга зўр бериб ётибсиз.

Ишонсангиз, ҳозир коммутаторлик қилиб ўтирибман. Қанақа қилиб дейсизми? Ҳаёт мажбур қилса, иложини топаркансиз. Хуллас, Россияга ишлагани кетган қўшним уйидагилар билан гаплаша олмай ҳалак. Телефон қилишга ҳисобида пули йўқ.

Карантинда ишлолмай ётоқхонасидан чиқмай ётибди. Лекин интернет бемалол экан. Қишлоқда бўлса, бу савилга қани антенна чиқса. Лекин йўлини топдик.

Қўшним Россиядан менга телефон қилади. Мен бўлсам, қишлоққа боғланиб, овозини етказиб турибман… Шундай кезда қайси замонда яшаётганим ҳам эсимдан чиқиб кетади”, дея ёзади канал муаллифи.

Маълумот учун, Ўзбекистон Speedtest Global Index маълумотларига кўра, мобил интернет тезлиги бўйича 141 мамлакат орасида 133-ўринни эгаллайди.

Жорий йилнинг 16 март кунидан бошлаб мамлакатдаги мактаблар, ўрта ва олий ўқув юртлари коронавирус тарқалишининг олдини олиш учун карантинга ёпилди. 30 мартдан бошлаб талабалар учун онлайн мактаблар ишга туширилди, дарсларни телевизор ва интернет орқали томоша қилиш мумкин қилинди. Аммо аксарият ўзбекистонликлар ҳозиргача гоҳ интернет тезлиги гоҳида чироқ ўчаётганидан нолиб ижтимоий тармоқларда чиқиш қилишмоқда.

EFFECT.UZ таҳририяти аввалроқ ушбу икки вазирлик фаолиятини танқид қилди. Аммо юқори турувчи номаълум ташкилотлар EFFECT.UZ сайтини ушбу танқидий мақола сабаб ёпиб қўйишди.

Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди АОКАдан 1323-рақам билан гувоҳнома олган EFFECT.UZ веб-сайтини қўллаб-қувватлаб, бўлиб ўтган ҳолат юзасидан АКТ вазирлигига хат йўллади.

Аммо орадан 17 кун ўтган бўлса ҳам, АКТ вазирлиги ёки бошқа бирон ташкилот бу ҳолат нега содир бўлгани ҳақида расмий баёнот бермаган. Ҳатто EFFECT.UZ томонидан АКТ вазирлигига йўлланган айрим саволлар ва таклифларга ҳозиргача жавоб йўқ.

Facebook Comments