Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимлари тошқин оқибатларини бартараф этишда ёрдам бериш учун Қозоғистоннинг Туркистон вилояти Мақтаарал туманига келишди. Бу ҳақда Sputnik Қозоғистон республикаси Фавқулодда вазиятлар қўмитаси матбуот хизматига асосан хабар қилди.

205 нафар ходим ўзлари билан турли хил техника – ўт ўчириш машиналари, экскаваторлар, тракторлар, сув насослари, юк ташиш машиналари ва фуқароларни ташиш учун автобуслар олиб келишган.

“Қўшни давлатдан келган ишчи гуруҳ тошқин сувларини тортиб олишга, каналларни оқизишга ва тўғонлар қуришга ёрдам беради. Шунингдек, улар уй-жой қурилишида иштирок этади”, дейилган хабарда.

Эслатиб ўтамиз, 1 май куни эрта тонгда Сирдарё вилоятидаги Сардоба сув омбори тўғонлардан бири ёрилиб кетди. Вилоятдаги бир неча қишлоқ, шу жумладан Қозоғистон жанубидаги ҳудуд сув остида қолди. Икки мамлакатда умумий ҳисобда 120 мингдан ортиқ аҳоли эвакуация қилинди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Сардобадаги техноген офат туфайли Қозоғистоннинг жанубий қисмидаги ҳудудлар ҳам зарар кўргани, Ўзбекистон ҳукумати табиий офат оқибатларини бартараф этиш бўйича қўшни давлат билан яқиндан ҳамкорлик қилишини айтиб ўтганди.

Facebook Comments