Президент Шавкат Мирзиёев 7 май куни ўтказилган видеоселектор йиғилиши бошида коронавирус пандемиясига қарши кураш борасида мамлакатимизда амалга оширилаётган ишларга алоҳида тўхталиб ўтди.

Йиғилишда “сариқ” ва “қизил” тоифадаги вилоятларда касаллик умуман аниқланмаган туманлар ҳам борлигини инобатга олиш лозимлиги ва “яшил” вилоятдаги бирор бир туманда касаллик аниқланадиган бўлса, бутун вилоятнинг тоифасини ўзгартириш шарт эмаслиги таъкидланган.

“Биз жуда катта куч сарфлаб, кўп саъй-ҳаракатлар, халқимизнинг кўмаги ва чуқур тушуниши, сабр-тоқати билан Ўзбекистонда бу офатни жиловлаб турибмиз. Лекин барибир жуда ҳам зийраклик ва эҳтиёткорлик билан, карантин қоидаларига тўлиқ амал қилишимиз шарт. Бу хавф бутун дунёда бутунлай бартараф этилмас экан, хотиржамликка берилишга асло ҳақимиз йўқ. Республикамизда эпидемиологик вазият барқарорлашганидан фойдаланиб, вирусдан холи ҳудудларда иқтисодиётни юрғизиб юбориш ва одамларни даромад билан таъминлаш мақсадида карантин талабларини аста-секин юмшата бошладик. Бунда биз аҳолининг карантиндаги турмуш шароитини яхшилаш учун уларнинг кўплаб мурожаатларини ҳам инобатга олдик.

Ўтган селекторда берилган топшириққа мувофиқ, Республика комиссияси томонидан 8 майдан бошлаб, инфекция аниқланмаган ёки беморлар тўлиқ соғайган Навоий, Жиззах ва Қашқадарё вилоятлари “яшил”, охирги 14 кунда вирус аниқланмаган, лекин даволанаётган беморлар бўлган Сурхондарё, Хоразм вилоятлари ва Тошкент шаҳри “сариқ”, доимий равишда инфекция аниқланаётгани учун бошқа ҳудудларнинг барчаси “қизил” тоифали ҳудуд деб эълон қилинди.

Шунингдек, минтақаларнинг тоифасига қараб, рухсат этиладиган хизмат турлари ҳам аниқ ва тушунарли қилиб белгилаб берилди. Албатта, “яшил” ҳудудларда кўпроқ, “сариқ”да камроқ, “қизил”да чекланган сондаги хизматлар кўрсатилади. Такрор ва такрор айтаман, жаҳонда, айниқса биз яқин ҳамкорлик қиладиган давлатларда пандемия тобора кучайиб бораётганини, бу ҳолат бизга ҳам катта хавф солиши мумкинлигини асло унутмаслигимиз керак. Шу сабабли барчамиздан ҳушёрликни янада ошириш талаб этилади. Бу борада, фаолиятини умуман тўхтатмаган корхоналарда ҳам, ўз ишини қайтадан бошлашга рухсат берилган соҳаларда ҳам вирусга қарши курашиш бўйича чекловлар сўзсиз бажарилиши керак. Яна бир бор такрорлайман, ҳар биримиз карантин ва санитария-гигиена қоидаларига қатъий амал қилиб, ўзимиз, яқинларимиз ва халқимизнинг соғлиғини ҳимоя қилиш учун масъул эканимизни унутмаслигимиз зарур ва шарт.

Шу билан бирга, “сариқ” ва “қизил” тоифадаги вилоятларда касаллик умуман аниқланмаган туманлар ҳам борлигини инобатга олиш лозим. Худди шундай, эртага “яшил” вилоятдаги бирор бир туманда касаллик аниқланадиган бўлса, бутун вилоятнинг тоифасини ўзгартириш шарт эмас, деган президент.

Бундан ташқари, Республика комиссиясига ҳудудларни тоифага ажратишни туман ва шаҳарлар даражасида белгилаш бўйича топшириқ берилди.

Facebook Comments