Аввалроқ, Тошкентдаги Ц-1 мавзесида яшовчи аёл хавфли жиноятчининг қурбонига айлангани ҳақида хабар берган эдик.

Аниқлик киритилишича, ушбу аёл интернетда “Асалхоней” номи билан кўплаб ўзбекистонликларга танилишга улгурган хоразмлик Х.М. бўлган. Бу ҳақда у ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида маълум қилган.

Воқеа жорий йилнинг 5 май куни содир бўлиб, соат 20:15 ларда Мирзо Улуғбек тумани, 2-сонли ИИБнинг навбатчилик қисмига фуқаро Д.П. мурожаат қилган ва Мирзо Улуғбек тумани, Ц-1 мавзесида яшовчи А.Х. хонадонидан шубҳали шовқин-суронли овозлар эшитилаётганлиги ҳақида хабар берган.

Юқоридаги ҳолат юзасидан зудлик билан воқеа жойига етиб борган Тошкент шаҳар ИИББ ППХ бригадаси 1-батальон, 1-отряди ходимлари сафдорлар Ш.Тохиров ва С.Комоловлар жабрланган фуқаро яшовчи уйнинг кириш-чиқиш йўлагидан югуриб чиқиб, ходимларни кўриб воқеа жойидан яширинишга ҳаракат қилган шахсни қўлга олишган.

Ходимлар юқорида кўрсатилган манзил бўйича уйга киришганда, у ерда яшовчи Х.М. оғзи, қўли ва оёқлари скотч билан боғланган ҳолда танаси ва юзидаги турли жароҳатлар билан топилган ва биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган.

Туман 2-сонли ИИБ Жиноят қидирув бўлимида унинг шахсига ойдинлик киритилганда, у Тошкент шаҳар, Учтепа тумани, Пешқадам кўчасида яшовчи Я.А. эканлиги ҳамда муқаддам Жиноят кодексининг 273-моддаси билан жиноий жавобгарликка тортилганлиги аниқланган. Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, суриштирув ишлари олиб борилмоқда.