Энди қишлоқ хўжалиги, кийим-кечак ва трикотаж маҳсулотларини хорижга автомобиль ва ҳаво транспорти орқали экспорт қилинганда ҳам транспорт харажатларининг 50 фоизгача қисмини давлат бюджетидан қоплаш учун субсидия ажратилади.

Бу қоида бугун, 7 май куни имзоланган Ўзбекистон Республикаси президентининг “Экспорт фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида ўз аксини топган. Тартиб жорий йилнинг 1 апрелидан бошлаб амалга оширилган экспорт учун амал қила бошлайди.

Президент қарори билан экспорт фаолиятини қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида бир қатор чора-тадбирлар белгиланди.

Шу вақтгача амалда бўлган тартибга кўра, маҳсулот фақатгина темир йўл транспорти орқали чегарадош бўлмаган давлатларга экспорт қилинганда харажатларнинг 50 фоизгача қисмини қоплаш учун субсидия тўлаш белгиланган эди. Энди бундай субсидия тўлаш тартиби жорий йилнинг 1 апрелидан бошлаб автомобиль ва ҳаво транспорти орқали экспорт қилинганда ҳам татбиқ этилмоқда.

Маҳсулотлар экспорт қилинганда транспорт харажатларининг 50 фоизгача бўлган қисмини қоплаш учун субсидия бериладиган маҳсулотлар рўйхати қайта тасдиқланмоқда.

Бунда рўйхатга:

32 турдаги ҳўл-мева, полиз экинлари, сабзавотлар ҳамда қуритилган, музлатилган ва консерваланган мевалар киритилмоқда. (бу маҳсулотлар экспорти жами мева-сабзавотлар экспортининг 71 фоизини (1,2 млрд доллар) ташкил этади);

2 турдаги ярим тайёр тўқимачилик маҳсулотлари (трикотаж мато ва ип газлама) киритилмоқда (бунда транспорт харажатлари учун субсидия тўлаш тизими трикотаж мато бўйича 2021 йил якунига қадар** амалда бўлади);

кийим (ТИФ ТН бўйича 61-товар гуруҳи) ва кийимга тегишли бўлган (ТИФ ТН бўйича 62-товар гуруҳи) ҳамда бошқа тўқимачилик маҳсулотлари (ТИФ ТН бўйича 63-товар гуруҳи) гуруҳига тегишли бўлган тикув-трикотаж маҳсулотларининг рўйхати унификация қилиш орқали кенгайтирилмоқда.

**Юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар экспортини рағбатлантириш мақсадида 2022 йилнинг 1 январидан бошлаб 1 тонна трикотаж матони экспорт қилиш учун 50 доллар (2023 йилдан – 100 доллар; 2025 йилдан – 200 доллар) миқдорида йиғим ундирилиши белгиланган.

Шунга кўра, ярим тайёр тўқимачилик маҳсулотларига транспорт харажатлари учун субсидия тўлаш тизими фақатгина коронавирус пандемияси ва глобал инқироз даврида амал қилиши белгиланмоқда.

Республика экспорт комиссиясига (раҳбари — бош вазир ўринбосари, Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов) қуйидаги ваколатлар берилмоқда:

субсидиялар тақдим этиш шартлари ва миқдорларини белгилаш ҳамда тартибини тасдиқлаш;

транспорт харажатлари учун субсидиялар тўланадиган маҳсулотлар рўйхатига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш;

маҳсулот тури, ҳажми ва экспорт йўналишига қараб субсидияларнинг қатъий миқдорларини белгилаш.

Рўйхатдаги маҳсулотлар Ўзбекистонгга чегарадош бўлган Афғонистон Республикасига экспорт қилинганда ҳам транспорт харажатларининг бир қисмини қоплаш учун субсидия тўланиши белгиланмоқда. Шу вақтгача чегарадош (Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Афғонистон) давлатларга экспорт қилинадиган маҳсулотлар бўйича транспорт харажатлари учун субсидия тақдим этилмасди.

Экспортолди молиялаштириш кредитларини олишда гаров сифатида суғурта хизматларидан фойдаланилганда суғурта мукофотини қоплашга Экспортни рағбатлантириш агентлиги орқали компенсациялар тақдим этиш тизими жорий этилмоқда.

Шунингдек, 2021 йил 1 январга қадар божхона чегарасидан экспорт операциялари бўйича жисмоний ва юридик шахсларнинг қарздорлиги мавжудлигини текшириш амалиёти бекор қилинмоқда.

Facebook Comments