Хоразм вилоятида 7 мингдан ортиқ тадбиркорлик субъекти фаолияти тикланди, дея хабар бермоқда ЎзА.

Жумладан, Хоразм вилоятида карантин даврида тадбиркорлик субъектларига 39 миллиард 330 миллион сўмлик солиқларни тўлаш муддатини кечиктиришга рухсат берилди. Карантин сабабли вақтинча молиявий қийинчиликларни бошидан кечираётган ва солиқларни тўлаш имкониятига эга бўлмаган хўжалик юритувчи субъектларга солиқларни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш ҳуқуқини беришга алоҳида эътибор қаратиляпти.

Президентнинг “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига асосан уч турдаги – мол-мулк, ер ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқларни тўлаш муддатларини ўзгартириш бўйича енгилликлар берилди. Бу енгилликлар асосан хўжалик юритувчи субъектларда ушбу ресурслардан фойдаланганлик учун фоизларни ундирмасдан 6 ойгача кечиктириш яъни бўлиб-бўлиб тўлаши белгиланди.

“Мазкур фармон юзасидан вилоят бўйлаб 102 та тадбиркорлик субъектидан 2 миллиард 662 миллион сўмга яқин солиқларни тўлаш муддатларини ўзгартириш бўйича мурожаатлар келиб тушган. Бугунги кунга қадар вилоят бўйича 41 та тадбиркорлик субъектига 1 миллиард 31 миллион 700 минг сўм миқдоридаги маҳаллий солиқларни тўлаш муддатларини узайтириш бўйича имконият берилди. Қолган 61 та хўжалик юритувчи субъектларининг солиқ тўловлари муддатини узайтириш бўйича қилган мурожаатлари кўриб чиқилмоқда, дейди вилоят давлат солиқ бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Роман Отажонов.

Ушбу имтиёзлар солиқ тўловчининг мурожаатига кўра берилади.

“Карантин даврида солиқларни тўлашда қийинчиликларга учраб қоламиз, деган хавотирда эдим. Коронавирус пандемияси иқтисодиёт тармоқларини ўз домига тортиб кетиши эҳтимоли ҳам йўқ эмас эди, бироқ Президентимиз томонидан ўз вақтида қабул қилинган фармонларга биноан Урганч шаҳар давлат солиқ инспекциясига мурожаат қилдим. Тизим ходимлари мурожаатимни ўз вақтида қабул қилиб жамиятимизга 42 миллион 600 минг сўм миқдоридаги тўлашим керак бўлган солиқларни 6 ой давомида бўлиб – бўлиб тўлаш имкониятини беришди”, дейди “Даритал шоес” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Гавҳар Жуманова.

Солиқ қодексининг 99-моддасига асосан маҳаллий ҳокимият органлари томонидан тадбиркорлик субъектларига мол-мулк солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқларни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш ваколати берилди. Солиқ тўловчиларнинг мурожаатига асосан маҳаллий ҳокимият органлари томонидан мазкур солиқ турлари бўйича солиқларни 6 ойга кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилади.

“Карантин сабабли вақтинча молиявий қийинчиликларни дуч келаётган эдик. Солиқ идораси ходимлари қилган мурожаатимни инобатга олиб жамиятимизга 163 миллион 400 минг сўм миқдоридаги ер солиғи тўлаш муддатини 6 ойга узайтириб беришди. Берилаётган бундай имкониятлар жамиятимиз ривожи учун албатта катта туртки бўлади”, дейди “Урганч буюм савдо” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Фарҳод Эшчанов.

Мазкур фармон билан 2020 йил 1 апрелдан 1 октябргача бўлган даврда якка тартибдаги тадбиркорлар учун ижтимоий солиқнинг ойлик энг кам суммаси базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизига қадар камайтириладиган бўлди. Хусусан, вилоят миқёсида жами 15 минг 456 та якка тартибдаги тадбиркорлар фаолият кўрсатаётган бўлса, имтиёз натижасида ижтимоий солиқдан 50 фоизга камайтирилди.

Фаолияти туризм соҳасига бевосита боғлиқ бўлган якка тартибдаги тадбиркорлар учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг қатъий белгиланган суммалари 30 фоизга камайтирилди. Шунингдек, карантин тадбирлари даврида ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган якка тартибдаги тадбиркорлар учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи қатъий белгиланган суммасини ва ижтимоий солиқни ҳисоблаш тўхтатилди. Ушбу якка тартибдаги тадбиркорлар фаолиятни тўхтатганлик тўғрисида солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали давлат солиқ хизмати органлари хабардор қилинади ва бунда давлат рўйхатидан ўтказилганлик тўғрисида гувоҳномани топшириш талаб этилмайди.

“Янги таҳрирдаги солиқ кодекси бўйича жисмоний шахслар мол-мулк ва ер солиқларини тенг улушларда 2 га бўлиб тўлаш, яъни 15 апрел ва 15 октябргача қилиб белгиланган эди. Фармонга биноан ушбу муддат ҳам жорий йил 15 октябргача қилиб узайтирилди. Бироқ, бугунги кунда карантин вақтида солиқларни тўлаб, “Ватанимнинг хайрли ишларига ўз ҳиссамни қўшаман!” деб мобил иловалар орқали солиқ тўловларини амалга ошириб турган фуқаролар ҳам бор. Улар ўзларининг солиқ мажбуриятларини бажаришни ортга сурмай, вазиятни тўғри баҳолаб, масъулиятни ҳис қилган ҳолда тўғри қарор қабул қилган инсонлардир”, дейди вилоят давлат солиқ бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Роман Отажонов.

Таҳлилларга кўра, вилоятда жами 20 минг 739 та тадбиркорлик субъектлари мавжуд бўлиб, 8 минг 923 таси пандемия вақтида ўз фаолиятини тўхтатган эди. Карантин чекловларини босқичма-босқич юмшатган ҳолда иқтисодиёт тармоқлари ва бошқа соҳаларнинг барқарор фаолияти таъминланмоқда. Хусусан, санитария қоидаларига риоя этган ҳолда 7 минг 22 та тадбиркорлик субъектлари ўз фаолиятини тиклади.

Facebook Comments