Россиянинг Москва вилояти Раменск туманидаги мигрантлар ётоқхонасида электр симларининг носозлиги сабаб ёнғин келиб чиқди. Бунинг оқибатида олти нафар ўзбекистонлик ҳалок бўлди. Қолганлар фожиа жойини тарк этишга улгурган.

Маълум бўлишича, Дурниха қишлоғидаги ёнғин келиб чиққан мазкур икки қаватли коттеж олдин маҳаллий аҳоли вакилига тегишли бўлган. Бироқ бир неча йил олдин уни тадбиркор сотиб олиб, меҳнат мигрантлари учун ётоқхонага ўзгартирган. Қолаверса, муҳожирлар учун ҳудудга яна бир нечта вагон ҳам ўрнатилган.

Қайд этилишича, ётоқхонага эллик нафаргача одам сиғиши мумкин бўлган. Изоляция сабаб охирги пайтларда мигрантлар деярли мазкур ҳудуддан ташқарига чиқишмаган.

Ёнғин ҳақидаги хабар фавқулодда хизматларга соат 4:21ла келиб тушган. Аввалига воқеа жойига фавқулодда вазиятлар хизмати ходимлари, сўнгра шифокорлар етиб келишган. Бу пайтга келиб бинонинг иккинчи қавати бутунлай ёниб кетганди. Уч нафар эркак ва уч нафар аёл ҳаётдан кўз юмди. Улар биринчи қаватга қулаб тушган. Ҳалок бўлганлар Ўзбекистон фуқаролари эканлиги аниқланди. Уларнинг ёшлари тахминан 30 ёш атрофида бўлган.
Айни пайтда терговчилар мигрантларнинг Россия Федерацияси ҳудудида бўлиб туриши қонунийлигини текширишяпти. Коттеж эгаси ҳам сўроқ қилинмоқда.

Уй электр иситгич ёрдамида иситилган, шунинг учун электр симларидаги қисқа туташув ушбу ҳодисани келтириб чиқарган асосий сабаб сифатида кўриляпти. Марҳумларнинг шахси аниқланмоқда.
Россия Тергов қўмитаси Москва области бўйича бош бошқармаси раҳбарининг катта ёрдамчиси Ольга Врадий ҳодиса юзасидан жиноий иш қўзғатилганини маълум қилди.

Facebook Comments