Германиянинг Роберт Кох институти раҳбари Лотар Вилер дунёда коронавируснинг иккинчи ва учинчи тўлқинлари бошланиши ҳақида башорат қилди.

Унинг сўзларига кўра, инфекция сайёрамиз аҳолисининг 6-70 фоизи ушбу касаллик билан оғриб тузалиб чиқмагунича тарқалаверади.

Вилер ГФР соғлиқни сақлаш тизими вируснинг янги ёйилишига қарши яхши тайёргарлик кўрганини таъкидлади. У мамлакат ҳукумати коронавирусга тестлар ўтказиш сонини кўпайтиришни режалаштираётганини ҳам маълум қилган.

Апрель ойида Россия фанлар академияси академиги Сергей Недоспасов агар SARS-CoV-2га қарши вакцина яратилмаса, коронавирус эпидемиясининг иккинчи тўлқини бўлиши мумкинлиги, лекин у биринчисига нисбатан кучсиз кечишини айтиб ўтганди. Унинг сўзларига кўра, иккинчи тўлқиннинг кириб келиши билан боғлиқ аниқ муддатни олдиндан тахмин қилиш қийин. Чунки тождор вируснинг ўзига хослиги, дунё давлатларидаги ҳаёт тарзлари ва соғлиқни сақлаш тизими турличалиги бу борада хулоса қилишни мураккаблаштиради.

Ер аҳолисининг кўпчилик қисмида иммунитет шаклланса, инфекция устидан ғалаба қозонилган бўлади.

Сўнгги маълумотларга кўра, дунёда коронавирусни юқтирганлар сони 3,6 миллиондан ошиб кетди. 254 мингдан зиёд инсон вафот этган бўлса, 1,18 миллиондан ортиғи тузалган.

Facebook Comments