Мексиканинг жануби-шарқидаги Веракруз штатидаги Соконуско муниципалитети раҳбари Роналдо Росас маҳаллий аҳолига коронавирусдан ўлишни тақиқлади.  Бу ҳақда сешанба куни «Телевиса» телеканали маълум қилди. Тегишли баёнот баннер тарзда Росас аҳоли пункти марказига ўрнатилган.

«Муниципалитет қарорига кўра, унинг ҳудудида коронавирусдан ўлиш қатъиян тақиқланади», дейилган плакатдаги ёзувда.

5,2 минг киши яшайдиган Соконускода коронавирусдан зарарланиш бўйича бирорта ҳолат қайд этилмаган. Росаснинг айтишича, у шу йўл билан аҳолининг эътиборини эҳтиёткорлик чораларига ҳали ҳам риоя қилиш кераклигига қаратмоқчи бўлган. «Фикримча, бу стратегия иш берди», деб айтган сиёсатчи «Диарио дел истмо» нашрига берган интервьюсида.

28 февралдан ҳозирги кунгача Мексикада 24 905 киши коронавирус юқтириб олишган бўлса, 2271 нафар бемор вафот этган. 30 март куни ҳукумат мамлакатда фавқулодда ҳолат жорий этиб, барча фаолиятлар тўхтатилб қўйгани ҳақида эълон қилганди.

Президенти Андрес Мануэл Лопез Обрадор 16 апрель куни Мексика 1 июнь кундан бошлаб нормал ҳолатга қайтиши ҳақида гапирди.

Facebook Comments