Қозоғистон Туркистон вилоятидаги сув тошқини сабаб Ўзбекистонга дипломатик нота йўлламоқчи эмас. Бу ҳақда мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Айбек Смадияров маълум қилди.

Унинг аниқлик киритишича, Ўзбекистон ҳудудидаги Сардоба сув омбори тўғонининг ўпирилиши ва Туркистон вилоятининг қатор аҳоли пунктларини сув босиши билан боғлиқ вазият Қозоғистон ҳукуматининг алоҳида назорати остида.

“Иккинчи май куни Қозоғистон президентининг Ўзбекистон раҳбари билан телефон суҳбати бўлиб ўтди. Унда томонлар юзага келган вазиятни муҳокама қилишди ва икки мамлакат ҳукуматининг мувофиқлаштирилган иши тўғрисида келишиб олишди. Ҳукуматлар ва тошқин оқибатларини биргаликда бартараф этишга оид чегараолди минтақалар раҳбарларининг яқин ҳамкорлигини инобатга олган ҳолда ўзбек томонига Қозоғистон ТИВ нотасини йўллаш масаласи ўрин олмаган”, дея Смадияров сўзларидан келтирган Sputnik Қозоғистон нашри.

Аввалроқ Қозоғистон экология, геология ва табиий ресурслар вазири ўринбосари Сергей Громов мамлакат Ўзбекистонга расмий хат юбориб, Сардоба сув омборидаги тўғоннинг ўпирилиши борасида тўлиқ маълумот беришни талаб қилишини маълум қилган эди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Қозоғистоннинг сув босган ҳудудларини қайта тиклашда ёрдам бериши ва Туркистон вилояти ҳокими Умирзак Шукеев ўзбекистонлик мутахассислар учун чегарани очишни сўраётгани хабар қилинган эди.

Facebook Comments