Сардобада рўй берган фожиали воқеалар ҳеч бир ўзбекистонликни бефарқ қолдирмади, қалблар ларзага келди. Элимиз тезлик билан сардобаликларга ёрдам қўлини чўза бошлади. Бу офат фақат сардобаликларнинг эмас, ҳаммамизнинг бошимизга келган офат. Бугун буни ҳис қилган ҳар бир ҳамюртимиз ёрдамга шошилмоқда. Катта-катта юк машиналарида юртимизнинг турли чеккаларидан саховатпеша инсонларимиз ўз хайрияларини жўната бошлади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг жойлардаги Халқ қабулхоналари ҳам бу савобли ишлардан чеккада қолмади, зудлик билан етиб бориб, амалий ёрдам кўрсатишни бошлаб юбордилар. Жабр кўрган инсонларга зарурий маҳсулотлар, бошпани билан таъминлаш ишлари олиб бормоқдалар.

Хусусан, Тошкент шаҳридаги Президент Халқ қабулхонаси томонидан бир неча юк автомашиналарида жами 50 миллион сўмдан зиёд кундалик рўзғор учун зарур бўлган картошка, пиёз, карам, сабзи, ун, гўшт, ёғ, макарон, турли консерва ва ширинликлар, шакар, тухум, гуруч, сут маҳсулотлари ва бошқа озиқ-овқатлар билан бирга иссиқ кийим-кечаклар, рўзғор буюмлари, гигиеник воситалар, бадиий китоблар, ўқув қуроллари ва бошқа турдаги маҳсулотлардан иборат “Саховат карвони” Сирдарё вилоятига етказилди.

Facebook Comments